ЎзА Ўзбек

16.10.2015 17:26 Чоп этиш версияси

Аренада – камолот ғунчалари

Наманганда бадиий гимнастика бўйича “Камолот” ғунчалари” республика очиқ турнирининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши, вилоят халқ таълими, маданият ва спорт ишлари бошқармалари, Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси вилоят филиали билан ҳамкорликда ташкил этилган мусобақада 60 дан зиёд гимнастикачи қиз булава, халқа, тўп каби буюмларда бажариладиган машқлар бўйича ўз маҳоратини намойиш этди.

– Спортнинг бу нафис тури қизлар ўртасида тобора оммалашиб бормоқда, – дейди “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши бўлим мудири Достон Раҳимов. – Мусобақанинг саралаш, яъни шаҳар, туман босқичларида 700 дан зиёд қизлар қатнашгани бунинг яққол исботидир. Айниқса, қишлоқ ёшлари ўртасида бадиий гимнастикага қизиқиш ортиб бораётгани қувонарли. Бу Президентимиз раҳнамолигида ёшларнинг ўзлари қизиққан спорт тури бўйича шуғулланиши учун яратилаётган шароитлар самарасидир.

3-Олимпия захиралари ихтисослаштирилган болалар ва ўсмирлар спорт мактабида 11-15 ёшгача бўлган бешта ёш тоифаси вакиллари ўртасида қизғин кечган мусобақа якунига кўра, Наманган шаҳридан Элянора Маматусубова, Мадина Хўжаева, Наманган туманидан Ҳафиза Усмонова, Тўрақўрғон туманидан Сарвиноз Мамадалиева, Мафтуна Каримова ўз ёш тоифасида ғолибликни кўлга киритиб, турнирнинг мамлакат босқичига йўлланма олди.

Акрамжон Сатторов, ЎзА
6 205