ЎзА Ўзбек

15.10.2012 14:51 Чоп этиш версияси

“Ардус” – пешқадам

Пойтахтимиздаги “Ўзбекистон” спорт мажмуасида мини-футбол бўйича Ўзбекистон XVII миллий чемпионати олий лигасининг биринчи босқич дастлабки тур беллашувлари якунланди.

Бу йилги чемпионатда ўн жамоа иштирок этмоқда. Янги қоидага кўра, улар орасида кучли саккизликка кирганлар плей-офф босқичида медаллар учун курашни давом эттиради, қуйи поғоналарни эгаллаган икки жамоа эса олий лигани тарк этади.

Биринчи турда ҳар бир жамоа тўрттадан ўйин ўтказди. Дастлабки турнинг марказий учрашуви учтадан ғалаба қозонган “Ардус” ва “Максам-Чирчиқ” жамоалари ўртасида бўлди. Беллашувда 8:3 ҳисобида зафар қучган пойтахтликлар 12 очко билан биринчи поғонага кўтарилди.

Чирчиқлик футзалчиларнинг мағлубиятидан пойтахтнинг яна икки клуби – “Бунёдкор” ва “Локомотив” унумли фойдаланди. Чемпионатда ҳали мағлубиятга учрамаган “Бунёдкор” вакиллари Навоийнинг “Строитель-З” жамоаси дарвозасига жавобсиз тўртта тўп киритиб, очколари сонини ўнтага етказди. Сўнгги баҳсда “Гулистон”дан (Сирдарё) 7:1 ҳисобида устун келган “Локомотив” ҳам тўққиз очко билан учинчи ўринда бормоқда.

Биринчи турда “Турон-С” (Андижон), “Гулистон” ва “Пахтакор” (Тошкент) жамоалари иккитадан учрашувда ғалаба қозонган бўлса, “Строитель-З”, Бухоронинг “Когон” ва Самарқанднинг “Нафис” клублари барча беллашувда имкониятни бой берди. 


ЎзА, Зоҳир Тошхўжаев
13 837