ЎзА Ўзбек

13.05.2019 12:33 Чоп этиш версияси

АПЛда мавсум тугади: “Сити” яна чемпион, “Ливерпуль” эса...

АПЛда мавсум тугади: “Сити” яна чемпион, “Ливерпуль” эса...

Кеча Англия Премьер-лигасида навбатдаги мавсум ўз ниҳоясига етди.

Кучли бешлик чемпионатлари олдидан интрига энг кўп сақланиб қолган биринчилик айнан Англияда кузатилди. Бу ерда нафақат чемпион, ҳаттоки келгуси мавсумда Чемпионлар лигасида қатнашиш ҳуқуқини берувчи ўринлар учун ҳам кураш давом этаётганди.

38-турда чемпионат пешқадами “Манчестер Сити” сафарда “Брайтон”га қарши баҳс олиб борган бўлса, уларнинг таъқибчиси “Ливерпуль” ўз уйида “Вулверхэмптон” жамоасини қабул қилди. 
“Қизиллар” ўйинни яхши бошлади ва 17-дақиқада Садио Мане ҳисобни очди. Энди ҳаммаси параллел равишда ўтаётган ўйинда “Брайтон” клубига боғлиқ бўлиб қолганди. 27-дақиқада “Энфилд Роуд” стадиони жунбушга келди. Холбуки бу пайтда “Ливерпуль” гол урмаган, уларнинг қувончига сабаб эса “Брайтон” ҳисобни очганди. Аммо уларнинг қувончи узоққа чўзилмади, “шаҳарликлар” дарҳол ҳисобни тенглаштирди. Бу ҳисоб ҳам “Ливерпуль” фойдасига ишларди, бироқ орадан 10 дақиқа ўтиб Ляпорт “Сити”ни олдинга олиб чиқади. Бу гол Гвардиола шогирдларини руҳлантириб юборди ва улар яна иккита гол уриб, йирик 4-1 ҳисобида ғалабага эришди. Чемпионлик тантанаси бундан ортиқ бўлиши мумкинми?!

Маненинг дубли эса “Ливерпуль”га кумуш медални тақдим этди холос. Аммо ана шу голлар туфайли сенегаллик ҳужумчи тўпурарлар Муҳаммад Салоҳ (“Ливерпуль”) ҳамда Пьер Эмерик Обамеянг (“Арсенал”) билан тенглашиб олди. Натижада АПЛ учала футболчини ҳам “Олтин бутса” билан мукофотлашга қарор қилди.

photo5388830921978915480.jpg

Чемпионлар лигасига бериладиган йўлланмаларга келсак, ўтган турда “Челси” ўзи учун камида 4-ўринни нақд қилганди. Аммо “аристократлар”ни сўнгги турда “Тоттенҳем” қувиб ўтиши мумкин эди-ю, “Арсенал”нинг етолмаслиги ҳам аниқ бўлиб улгурганди. Сарри шогирдлари кеча “Лестер” майдонидан бир очко билан қайтиб, 3-ўринда ўзгаришсиз қолди. Сабаби, “Тоттенҳем” ўз майдонида “Эвертон” билан очколарни бўлишиб олди. “Арсенал” эса меҳмонда “Бёрнли”ни 3-1 ҳисобида енгган бўлса-да, “шпорлардан” атиги бир очкога ортда қолди. Унай Эмери жамоаси Чемпионлар лигаси йўлланмасини қўлга киритиши учун энди Европа лигаси финалида “Челси”ни мағлуб этишига тўғри келади.

38-турнинг кутилмаган натижаларидан бири “Олд Траффорд”да қайд этилди. “МЮ” ўз майдонида Премьер-лига аутсайтери “Кардифф Сити”га 0-2 ҳисобида ютқазди. Аслида шу куни на мезбонлар, на меҳмонларга ғалаба зарур эди. Чунки “қизил иблислар” 6-ўриндан нари борса 5-ўринга кўтарилган тақдирда ҳам ЧЛ йўлланмасига эга чиқолмасди. “Кардифф Сити” ҳам аллақачон АПЛни тарк этиб улгурганди. Бироқ, шу куни улар мухлислари учун ғалаба қозонди, дейиш мумкин. 
Премьер-лигани эса “Кардифф Сити”га қўшилиб “Фулхэм” ва “Хаддерсфильд” клублари ҳам тарк этди.

О.ЭШМАМАТОВ, ЎзА
2 219