ЎзА Ўзбек

29.07.2020 Чоп этиш версияси

Англияда мавсум тугади, Франция ва Эронда муддатидан олдин чемпион маълум

Англияда мавсум тугади, Франция ва Эронда муддатидан олдин чемпион маълум

Пандемия дунё футболига ўз таъсирини ўтказди. Қўл билан саноқли мамлакатларни инобатга олмаганда ер юзида футболда мажбурий танаффус юзага келди.

Маълум муддат ўтгач аксари давлатларда футбол яна давом этди. Бугунга келиб қаердадир футбол мавсуми якунланиб боряпти, яна қайдадир эндигина старт оляпти ёки узоқ давом этган тўхталишдан сўнг яна давом эттириляпти.

АНГЛИЯ

Кеча футбол ватанида мавсумнинг сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтди. «Арсенал» ўз майдонида «Уотфорд»ни қабул қилди ва 3:2 ҳисобида ғалаба қозонди. МЮни қабул қилган «Лестер» эса 0:2 ҳисобида имкониятни бой берди. «Челси» «Вулверхемптон»ни 2:0 ҳисобида енгди, «Нюкасл» «Ливерпул»га ютқазди, «Манчестер Сити» «Норвич Сити»ни йирик – 5:0 ҳисобида доғда қолдирди. Премьер-лигада биринчи ва иккинчи ўрин эгалари аллақачон аниқланиб бўлинганди. «Ливерпул» 38 учрашувда бир кам юз очко тўплади ва олтин медаль эгаси бўлди, «Манчестер Сити» эса 81 очко жамғарган ҳолда иккинчи ўринни қўлга киритди. Сўнгги тур учинчи ўрин эгасининг тақдирини ҳал этиши лозим эди. Бунда «Челси»нинг имкониятлари катта эди. Сабаб, «Челси» ўз майдонида «Вулверхемптон» ни қабул қилар, «МЮ» эса сафарда учинчи ўринга яна бир даъвогар «Лестер»га қарши майдонга тушиши лозим эди. «Челси» ўз майдонида ғалаба қозонса кифоя эди, шундай ҳам бўлди, «МЮ» эса сафарда очко йўқотса бас, совринсиз қоларди. «Челчи» ҳам, «МЮ» ҳам очко йўқотсаю, «Лестер» ўз майдонида ютуққа эришса иккинчи ўринни эгаллаши муқаррар эди. Аммо воқеалар ривожи бундай бўлмади – «МЮ» сафарда иккита тўп фарқи билан ютуқни қўлга киритиб, «Челси»нинг ҳам, «Лестер»нинг ҳам хафсаласини совутди. 66 очко билан «МЮ» учинчи ўринга лойиқ топилди. Шунча очко билан «Челси» тўртинчи, 62 очко билан «Лестер» бешинчи поғонадан жой олди. Аутсайдерлар қаторини «Уотфорд» (34 очко) ва «Норвич Сити» (21 очко) тўлдирди.

0_GettyImages-1227788831.jpg

Англия чемпионати 2019/20 мавсуми якунига етиши биланоқ мусобақа ташкилотчилари турли йўналишлар бўйича энг яхши футболчилар номини аниқлади. Унга кўра Жейми Варди - Энг яхши тўпурар, Кевин де Брюйне - энг кўп голли узатма муаллифи, Эдерсон Мораес - «Олтин қўлқоп» совриндори номинацияларида ғолиб чиқишди.

Шунингдек, мамлакат чемпионатининг келгуси мавсуми муддатига ҳам ойдинлик киритилди - Англия чемпионати 2020/21 йилги мавсумнинг илк ўйини 12 сентябрда ўтказилади. Турнир 2021 йилнинг 21 майида ниҳоясига етади.

ИТАЛИЯ

Италия чемпионатининг 36-тури якунларига кўра, «Ювентус» муддатидан аввал А Серийа чемпионлигини расмийлаштирди. Туринликлар кеча тунда «Сампдория»ни қабул қилди ва 2:0 ҳисобида зафар қучди. Аслида учрашув тақдирини Роналдунинг ўзи ҳам ҳал қилиши мумкин эди. Битта голи, яна бир нечта хавфли вазияти, ҳатто бир гал тўпнинг дарвоза тўсинига тегиб қайтиши... Роналду ким аслида кимлигини яна бир бор исботлади кечаги ўйинда.

photo_2020-07-29_09-25-28.jpg

Криштиану Италия А Серийасида кетма-кет иккинчи маротаба ғолиб бўлди. Умуман олганда эса 35 ёшли форвард фаолияти давомидаги 31-унвонни қўлга киритди. Португалиялик футболчи клуб миқёсида «Спортинг»да 1, «Манчестер Юнайтед»да 9, «Реал»да 15 ва «Ювентус»да уч маротаба, умумий 28 маротаба унвон соҳиби бўлди. Бундан ташқари, у Португалия терма жамоаси билан «Евро-2016» ва «Миллатлар лигаси - 2018/19» ғолиблигини қўлга киритган... Шу тариқа, Турин клуби скудеттони кетма-кет тўққиз марта, умумий ҳисобда 36 маротаба қўлга киритди.

ЭРОН

«Персеполис» мавсум якунланишига тўрт тур қолганида чемпионлик масаласини ҳал қилишга эришди. Шу тариқа Яҳё Гулмуҳаммади бошчилигидаги теҳронликлар Эрон чемпионатида кетма-кет тўртинчи йил бош совринни ўзиники қилишди ва мамлакат чемпионатининг рекордини ўрнатишди.

photo5840591422011583392.jpg

Бунга қадар ҳеч бир жамоа узлуксиз тўрт маротаба олтин медалларга эга чиқмаган эди. «Персеполис» айни вақтда турнир жадвалида 62 очко билан пешқадам бўлиб турибди. Иккинчи ўринда кетаётган «Сепахон»нинг ҳисобида эса 45 очко бор. Демак, исфаҳонликлар ҳар қанча уринишмасин чемпионлик йўлида «Персеполис»га ета олишмайди.

ХИТОЙ

Саккиз ойлик танаффусдан сўнг Хитой Суперлигасида янги мавсум старт олди. Хабарингиз бор, февралда старт олиши керак бўлган мусобақа айнан пандемия туфайли 2020 йилги мавсуми бошланиши кечиккан эди. Чемпионат ташкилотчилари қарорига кўра, жорий чемпионатда 16 та жамоа икки гуруҳга бўлинган ҳолда баҳс олиб боради. Ҳар бир гуруҳдан тўрттадан жамоа плей-оффда чемпионлик учун курашни давом эттиради. Қолган жамоалар эса, юқори дивизиондаги жойини сақлаб қолиш учун ўйнайди.

oa.jpg

Янги мавсумнинг илк учрашуви Фабио Каннаваро мураббийлигидаги «Гуанчжоу Эвергранд» ва «Шанхай Шенхуа» ўртасида бўлиб ўтди. Баҳсда мезбонлар Вей Шихаонинг дубли эвазига 2:0 ҳисобида зафар қучишди. Ўзбекистон терма жамоаси сардори тўп сураётган «Шанхай СИПГ» жамоаси биринчи турни сафарда «Тянсзин Теда»га қарши ўтказади. Мутахассислар чемпионлик йўлида таркибида Оскар, Халк ва Одил Аҳмедов каби етакчи футболчилари бор «Шанхай СИПГ» жамоасининг имкониятини юқори баҳолашмоқда. Бунгача Одил Аҳмедов жамоаси 2018 йилда бош совринни қўлга киритган эди.

2 612
Ойбек Юнусов, ЎзА