ЎзА Ўзбек

15.10.2019 Чоп этиш версияси

Андижон болалар-ўсмирлар футбол академияси тенгдошлари орасида тенгсиз

Андижон болалар-ўсмирлар футбол академияси тенгдошлари орасида тенгсиз

Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳузуридаги ҳудудий болалар-ўсмирлар футбол академияларининг 2004 йилда туғилган тарбияланувчилари ўртасида ўтказилаётган Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари аниқланди.

Хабар берганимиздек, мусобақанинг илк босқичида жамоалар “А” ва “Б” минтақасига бўлинган ҳолда, уй-сафар тизимида ўтказилган учрашувлар якунига кўра U-14, U-15, U-16, U-17 ёш тоифаларида 8тадан жами 32 та энг кучли жамоа саралаб олинди ҳамда улар мусобақанинг иккинчи босқич йўлланмасини қўлга киритишган эди.

2004 йил тарбияланувчилари ўртасида ўтказилган мусобақанинг ҳал қилувчи финал учрашувида Сирдарё ҳамда Андижон вилояти болалар-ўсмирлар футбол академияларининг тарбияланувчилари тўқнаш келишди. Қизғин ва муросасиз ўтган финал баҳсида Андижон вилояти ёш футболчилари кичик – 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди.

3-ўринни Қашқадарё ҳамда Фарғона вилоят болалар-ўсмирлар футбол академиялари тарбияланувчилари қўлга киритди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндор жамоалар, шунингдек турли номинацияларда энг яхши деб топилган футболчилар медаль, диплом, кубок ва эсдалик совғалари билан тақдирланишди.

Номинациялар бўйича энг яхшилар:
Энг яхши дарвозабон – Абдумалик Нурмуҳаммадов (Андижон вилояти)
Мусобақа тўпурари – Азамат Толибжонов (Фарғона вилояти)
Энг яхши ўйинчи –Мирхаид Холдоров (Сирдарё вилояти)

Жорий йилнинг 15-19 октябрь кунлари “Бунёдкор” футбол академиясида 2003 йилда туғилган тарбияланувчилар мусобақани давом эттиришади.

photo_2019-10-12_11-54-07.jpg

photo_2019-10-12_11-52-02.jpg

photo_2019-10-12_11-51-22.jpg

3 019
ЎзА