ЎзА Ўзбек

15.09.2018 Чоп этиш версияси

Ҳамюртимиз жаҳоннинг энг кучли 24 нафар гимнастикачилари орасида

Ҳамюртимиз жаҳоннинг энг кучли 24 нафар гимнастикачилари орасида

10 сентябрь куни Болгария пойтахти София шаҳрида старт олган бадиий гимнастика бўйича XXXVI жаҳон чемпионати тобора шиддатли тус олмоқда. Мазкур мусобақада сайёрамизнинг 58 мамлакатидан йиғилган энг сара гимнастикачилар ғолиблик учун баҳс олиб боришяпти. Яккалик дастурда ватанимиз шарафини терма жамоамиз аъзоларидан Сабина Тошкенбоева, Нуриниссо Усмонова ҳамда Дилдора Раҳматовалар ҳимоя қилишди.

Кеча якунланган яккалик баҳсларида ҳамюртимиз Сабина Тошкенбоева энг яхши натижа қайд этди. Унинг ҳалқа ёрдамида бажарган машқи ҳакамлар томонидан 17,000 баллга лойиқ кўрилган бўлса, тўп билан ишлашда 17,400 натижа кўрсатди. Сабинанинг булавадаги чиқишини ҳакамлар 17,150 баллга баҳолашди. Ҳамюртимиз яккалик баҳслардаги энг паст кўрсаткични лента ёрдамидаги машқларда қайд этди – 16,250 балл.

Умумий ҳисобда 67,800 балл тўплаган Тошкенбоева жаҳоннинг энг кучли 24 нафар гимнастикачилари орасида 16-ўринни эгаллади.

Олдинда эса қизларимизни жамоавий баҳслар кутиб турибди. Таъкидлаш керак, ушбу жаҳон чемпионатида жамоавий кўпкураш бўйича “Токио-2020“ Олимпия ўйинларига дастлабки лицензиялар ўйналади.

5 283
Отабек Эшмаматов, ЎзА