ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

“Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини ўтказиш Сариосиёдан бошланди

“Алпомиш” ва “Барчиной” тестларини ўтказиш Сариосиёдан бошланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 29 январдаги “Ўзбекистонда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш ва аҳолини жисмоний тарбия ва оммавий спортга жалб этиш тўғрисида”ги қарорига асосан умумий жисмоний тайёргарликни белгиловчи спорт меъёрларини ўз ичига олган “Алпомиш” ва “Барчиной” тестлари ўтказилиши йўлга қўйилганди.

Ўтган давр мобайнида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан аҳолининг барча қатламлари ўртасида ўтказиладиган ушбу тестларни тўғри ташкил этиш, иштирокчиларнинг оммавийлигини таъминлаш бўйича ҳудудий бўлинмаларга тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Юртимизда илк маротаба ушбу тест синовлари Сурхондарё вилоятининг энг чекка ҳудудларидан бўлган Сариосиё тумани аҳолиси ўртасида ўтказилди.

Оммавий спорт тадбирида Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги мутасаддилари ҳамда соҳа мутахассислари ҳам иштирок этиб, аҳолининг кенг қатлами ўртасидаги мусобақаларни ташкил этиш жараёнини синовдан ўтказди.

122.jpg

Мусобақа тарзида ташкил этилган тестларни 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган 100 нафарга яқин хоҳловчилар турли ёш тоифалари бўлинган ҳолда бажаришди. Масалан, энг ёш иштирокчилар югуриш, арқонда сакраш, теннис тўпини нишонга уриш, турган жойидан узунликка сакраш каби машқларни бажарган бўлса, 60 ёшдан ошганлар 30 ёки 60 метрга югуриш, 3 километрга скандинавча юриш, турникда тортилиш каби шартларда ўз омадини синаб кўрди.

Байрамона ва кўтаринки кайфиятда ўтган тадбирда иштирокчилар ҳар бир шарт бўйича энг яхши натижани қайд этишга астойдил ҳаракат қилишди.

Мазкур тадбирни ўтказишда орттирилган тажриба ва иштирокчиларнинг таклифлари асосида мусобақаларни ташкил этиш жараёни такомиллаштирилиб, барча ҳудудларда ўтказиш йўлга қўйилмоқда.

123.jpg

3 972
ЎзА