ЎзА Ўзбек

11.02.2019 Чоп этиш версияси

Ҳаким Фузайлов эртага қизиқарли ўйин бўлишини кутмоқда

Ҳаким Фузайлов эртага қизиқарли ўйин бўлишини кутмоқда

Хабар берганимиздек, эртага Осиё Чемпионлар лигаси саралаш баҳсларининг иккинчи босқич ўйинлари ўтказилади. Эртага Ўзбекистоннинг икки клуби – Тошкентнинг “Пахтакор” ҳамда илк бора ушбу мусобақада иштирок этаётган АГМК жамоалари баҳсларга киришади.

Жумладан, АГМК жамоаси ўз майдонида Тожикистон чемпиони “Истиқлол”ни қабул қилади. Мазкур ўйин олдидан одатга кўра иккала жамоа бош мураббийлари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.

Унда дастлаб меҳмонлар – “Истиқлол” клуби бош мураббийи Ҳаким Фузайлов ҳамда жамоа сардори Фатхулло Фатхуллоев иштирок этишди.

ALM_2917-2208x1472.JPG

Аввало мезбонларга бизни жуда яхши кутиб олишгани учун раҳмат айтаман. Барчаси ажойиб, фақат Олмалиқда меҳмонхоналар бандлиги боис Тошкентга жойлашдик. Бизга мезбонлар томонидан машғулот майдони ҳам тақдим этилди. АГМК клубини олдиндан биламан, бироқ билишимча жамоа таркиби тубдан янгиланган, қолаверса янги бош мураббий келган, жамоада иштиёқ жуда юқори экани кўриниб турибди. Ўйлайманки эртага қизиқарли учрашувга гувоҳ бўламиз, деб ўйлайман, - деди Ҳаким Фузайлов.

Меҳмондўстлик учун Ўзбекистон томонига ташаккур айтаман. Бизни бу ерда жуда яхши кутиб олишди. Эртанги ўйинга келсак, барча йигитлар учрашувга тайёр. Эртага майдонга ғалаба учун тушамиз, - дея ўз фикрлари билан ўртоқлашди “Истиқлол” клуби сардори Фатхулло Фатхуллоев.

ALM_2928-2208x1472.JPG

Жамоангизда олиб борилган селекция ишларидан кўнглингиз тўлдими?

Селекция ишларини биз ўтган йили бошлаганмиз ва бу борадаги ишлар ҳамон давом этмоқда. Селекция шундай жараёнки, у йил бўйи давом этади. Ҳозир ихтиёримда бор футболчилардан кўнглим тўқ ва бу борада ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Албатта, ҳар қандай мураббийга футболчи етишмаслиги табиий ҳол. Шунинг учун бу борада ишлар олиб борилмоқда.

Ҳаким Қаюмович, сиз “Локомотив”даги фаолиятнгиз орқали Ўзбекистон чемпионати билан яхши танишсиз. АГМК жамоасининг кучини қандай баҳолайсиз?

Албатта, мен ўзбек футболи ҳақида етарлича тасаввурга эгаман. Чунки бу юртда саккиз йил бош мураббий сифатида анча муваффақиятларга эришганман. Аммо, бунга анча бўлди. АГМК клубида ҳам катта ўзгаришлар бўлган. Жамоа бош мураббийи Миржалол Қосимовни футболчилик давридан бери биламан. Қолаверса, бу жамоа ўз олдига ҳам ички, ҳам халқаро мусобақаларда юксак мақсадлар қўйган. Аммо мавсум эндигина бошланмоқда. Шу боис эртага қизиқарли ўйин бўлишини кутаяпман.

ALM_2943-2208x1472.JPG

Осиё Чемпионлар лигасида плей-офф баҳслари бир ўйиндан иборат. Бунга қандай муносабат билдирасиз?

“Локомотив” клуби билан ҳам бундай ҳолатни бошдан кечирганман. Аммо, футбол шундай ўйинки, қаерда ўйнашнинг фарқи йўқ. Фақат бунинг битта камчилиги, футбол мухлислар учун ўйналади. Аммо ҳамма мухлис ҳам ўйинни кўриш учун бошқа давлатга боролмайди. Эртанги ўйинни бизнинг мухлислар телевизор орқали кўришга мажбур. ОФК ана шу жиҳатни ўйлаб кўрса яхши бўларди.

3 257
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА​