ЎзА Ўзбек

11.01.2019 10:27 Чоп этиш версияси

АГМК таркибни кучайтирмоқда, чунки уларни ОЧЛ кутиб турибди

АГМК таркибни кучайтирмоқда, чунки уларни ОЧЛ кутиб турибди

Ўтган йилги Ўзбекистон кубоги соҳиби Олмалиқнинг АГМК клуби учун жорий мавсум муҳим аҳамият касб этади. Боиси, олмалиқлик футболчилар ўз тарихида биринчи марта халқаро майдонда ватанимиз шарафини ҳимоя қилишади.

Ҳозирда ўзбек футболининг ёрқин юлдузи Миржалол Қосимов бошчилигида 2019 йилги футбол мавсумига қизғин ҳозирлик кўраётган АГМК жамоаси Осиё Чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида иштирок этади. Бу эса улар зиммасига катта масъулият юклаши табиий. Шу мақсадда жамоа ўз таркибини маҳоратли ва умидли футболчилар ҳисобига кучайтиришга ҳаракат қилмоқда.

Raxmatov-Fayziyev (6).jpg

АГМК клуби матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, клуб уч нафар ҳимоячи билан шартнома имзолади. Демак, ўтган мавсумда “Насаф” жамоаси шарафини ҳимоя қилган чап қанот ҳимоячиси Сайдулло Раҳматов, ўнг қанот ва марказда бирдек ҳаракат қилувчи Шерзод Файзиев (сўнгги мавсумни “Металлург”да ўтказган) ҳамда Сардор Раҳмонов (“Машъал”) янги мавсумда олмалиқликлар сафида тўп тепади. Айни вақтда мураббийлар штаби яна бир қатор футболчиларни кўрикдан ўтказишмоқда. Агар улар ҳам Қосимов жамоасида ижобий таассурот қолдирса, АГМК таркибини тўлдириши мумкин.

Raxmatov-Fayziyev (3).jpg

Ўз навбатида жамоани тарк этган футболчилар ҳам йўқ эмас. Жумладан, ўтган мавсумда жамоа етакчисига айланган Йован Жокич ўз тақдирини “Локомотив” (Тошкент) клуби билан боғлаган бўлса, Музаффар Музаффаров “Металлург”дан қўним топди. Шунингдек, клуб билан шартномаси тугаган яна кўплаб футболчилар жамоани тарк этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, АГМК ОЧЛнинг плей-офф босқичидаги илк учрашувини 12 февраль куни ўз майдонида Тожикистон чемпиони “Истиқлол” жамоасига қарши ўтказади.

Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА
2 228