ЎзА Ўзбек

10.07.2019 12:00 Чоп этиш версияси

Африка Миллатлар кубоги-2019да бугун чорак финал бошланади

Африка Миллатлар кубоги-2019да бугун чорак финал бошланади
Афсуски ўз ватанида ўтаётган мусобақани Салоҳ энди мухлислар қаторида кузатади.

Миср давлати мезбонлик қилаётган Африка Миллатлар кубоги-2019 ҳал қилувчи паллага кирди. Бугун Сенегал – Бенин учрашуви билан чорак финал ўйинларига старт берилади.

Эътиборлиси, мусобақанинг энг совриндор жамоаси бўлмиш Миср (улар мусобақада 7та титулга эга чиқишган) термаси буёғига баҳсларни томошабинлар қаторида кузатишга мажбур. Сўнгги йилларда Африка футболининг ҳақиқий етакчисига айланган ва дунё юлдузлари билан бир қаторда тилга олинаётган Муҳаммад Салоҳ ҳам ўз ватанида ўткаётган мусобақада терма жамоасини ғолиблик сари етаклаб келишга ожизлик қилди.

Фиръавнларнинг муваффақиятсизлигини Африка Миллатлар кубогида ғалаба қозониш борасида Мисрдан кейинги энг яхши кўрсаткичга эга Камерун (5 марта ғолиб бўлган) ҳамда Гана (4) терма жамоалари ҳам давом эттиришди ва улар ҳам муддатидан олдин мусобақадаги иштирокини якунлашди.

Айни пайтда курашни давом эттираётган чорак финал иштирокчилари орасида Сенегал (уларда Садио Мане сингари етакчи бор), Нигерия, Жазоир ва Тунис термаларининг имконияти юқори баҳоланмоқда. Бироқ, футболда “майдон текис, тўп думалоқ”, деган ибора бор. Шундай экан, ҳали мусобақада сюрпризлар давом этиши мумкин.

Африка Миллатлар кубоги-2019нинг ¼ финал ўйинлари тақвими:

10 июль
Сенегал – Бенин

11 июль
Нигерия – ЖАР
Кот-д`Ивуар – Жазоир

12 июль
Мадагаскар – Тунис
Мусобақанинг ярим финал ўйинлари 14-15 июлга, ҳал қилувчи финал баҳси эса 20 июлга белгиланган.

ЎзА
1 682