ЎзА Ўзбек

17.10.2019 Чоп этиш версияси

8 нафар парадзюдочимиз Токио-2020 олимпиадасига йўлланма олишга яқин

8 нафар парадзюдочимиз Токио-2020 олимпиадасига йўлланма олишга яқин

Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси (IBSA) томонидан жаҳоннинг янгиланган рейтинги эълон қилинди. Унга кўра 8 нафар ўзбекистонлик парадзюдочи Токио-2020 олимпиадаси йўлланмасини қўлга киритиш учун жуда яхши имконият ҳосил қилишган. Бу ҳақда Ўзбекистон миллий паралимпия ассоциацияси матбуот хизмати хабар беради.

2020 йилги Паралимпия ўйинларининг саралаш тизимига кўра дзюдо мусобақаларида жами 138 нафар парадзюдочи 13 та медаллар шодаси учун беллашади. Токио татамиларида кечадиган мусобақаларда иштирок этадиган 82 нафар спортчи Халқаро кўзи ожизлар спорт федерацияси (IBSA) рейтингига кўра аниқланади.

Ўтган ойлар мобайнида Қозоғистоннинг Атирау шаҳри мезбонлик қилган парадзюдо бўйича Осиё ва Океания чемпионати ҳамда Тошкентда ўтган IBSA гран-присида тенгсиз дея эътироф этилган ўзбекистонлик парадзюдочиларни яна иккита йирик мусобақа кутиб турибди. Буюк Британия ҳамда Озарбайжонда ўтказиладиган Гран-при баҳсларида Паралимпиада йўлланмалари учун якуний рейтинг очколари берилади.

2 527
ЎзА