Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

06.12.2018 17:59 Чоп этиш версияси

3 нафар шахматчимизга "Spark" автомобиллари топширилди

3 нафар шахматчимизга "Spark" автомобиллари топширилди

Туркияда 24 ноябрь – 3 декабрь кунлари ўтган ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадасида Ўзбекистон терма жамоаси 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, шоҳсупага кўтарилган эди.

Мазкур Олимпиадада Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоасининг тарихий ғалабасига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган халқаро гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов, халқаро тоифадаги спорт усталари Нодирбек Ёқуббоев ва Шамсиддин Воҳидов Ўзбекистон Республикаси Президенти совғаси – "Spark" автомобили билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида мамлакатимизда навқирон авлодни жисмонан соғлом, маънан етук, юксак интеллектуал салоҳиятли этиб вояга етказиш, спортнинг барча турлари қатори шахматни изчил ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор ва ғамхўрлик самарасида ўзбек шахмат мактаби вакиллари нуфузли халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришаётгани таъкидланди.

Дарҳақиқат, шахматчиларимиз сўнгги йилларда нуфузли мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмоқда. Жумладан, дунёнинг 39 давлатидан 46 жамоа иштирок этган Жаҳон шахмат олимпиадасида вакилларимиз Россия, Хитой, Ҳиндистон, Эрон, Украина, Венгрия, Польша ва Молдова каби мамлакатларнинг кучли терма жамоаларини мағлубиятга учратди. Фақат АҚШ терма жамоасига кичик ҳисобда имкониятни бой берди ва якунда мусобақа ғолибига айланди. 
Мазкур мусобақада Нодирбек Ёқуббоев 9 имкониятдан 8 очко жамғариб, ўз тахтасида олтин медалга сазовор бўлган бўлса, Шамсиддин Воҳидов 8 имкониятдан 7,5 очко жамғариб, тўртинчи тахтада олтин медални қўлга киритди.

8.jpg

13.jpg

– Менинг ғaлaбaм – халқимизнинг ғaлaбaси. Хaлқaро мaйдондa Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётганимдан мамнунман. Келгусида бундан-да юксак натижаларни қайд этиш учун тинимсиз ҳаракат қиламан, – деди Н.Абдусатторов. – Бизнинг камтарона меҳнатларимизни юқори баҳолаб, автомобиль билан тақдирлаган Президентимиздан миннатдормиз.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов Президентимизнинг шахматчиларга йўллаган табригини ўқиб эшиттирди.

Жавоҳир Тошхўжаев, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА​​