ЎзА Ўзбек

11.01.2019 18:52 Чоп этиш версияси

2 миллиард 800 миллион сўмлик спорт мактаби барпо этилди

2 миллиард 800 миллион сўмлик спорт мактаби барпо этилди Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги 2-болалар ва ўсмирлар спорт мактаби замонавий бинога эга бўлди.

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан барпо этилган бинода спорт зали, кийиниш, ювиниш хоналари ва мактаб маъмурияти учун хизмат хоналари мавжуд. Иншоот қурилишига 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфланди. Таъкидлаш жоизки, мактабнинг биринчи босқичдаги иншоотлари 2016 йилда қуриб фойдаланишга топширилган бўлиб, бунинг учун жамғарма томонидан 1 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган эди.

– Айни пайтда мактабимизда 1 минг 170 нафардан ортиқ ўғил-қиз спорт билан мунтазам шуғулланиб келмоқда, – дейди муассаса директори вазифасини бажарувчи Дўстмуҳаммад Тожиев. – Шу чоққача машғулотлар ўқувчилар сонига қараб ҳудудлардаги умумтаълим мактабларида ўтказиларди. Лекин қиш фаслида етарли шароит йўқлиги сабаб баъзи спорт турлари бўйича машғулотлар деярли тўхтаб қоларди. Бугунги кунда 25 нафар мураббий юнон-рум кураши, эркин кураш, миллий кураш, дзюдо, самбо, волейбол, гандбол, футбол, мини-футбол, оғир атлетика спорт турлари бўйича машғулотлар олиб бормоқда.

– Фарзандларимиз спорт билан шуғулланиб, соғлом ва бақувват бўлишини истаймиз, – дейди “Баҳорча“ маҳалласида яшовчи Фарҳод Эргашев. – Яшаш жойимизга яқин ҳудудда зарур шароитга эга спорт зали йўқлиги боис ўғлимни қаерга олиб боришни билмасдим. Ушбу мактаб очилганини эшитиб, фарзандимни шу ерга олиб келдим. Мана, икки ҳафтадан буён миллий кураш тўгараги машғулотларида қатнашмоқда.
Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармаси Самарқанд вилоят ҳудудий бўлинмаси маълумотига кўра, айни пайтгача мактабга 142 миллион 506 минг сўмлик 18 турдаги спорт инвентарлари етказиб берилган. Белгиланган режага мувофиқ, тез кунларда спорт инвентарларининг қолган қисми ҳам мактабга етказилади.

19.JPG

21.JPG


Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА
1 820