ЎзА Ўзбек

28.07.2018 14:09 Чоп этиш версияси

1 300 оилани, 2800 нафар ўғил-қизни жалб этган мусобақа якунланди

1 300 оилани, 2800 нафар ўғил-қизни жалб этган мусобақа якунланди Нукусда “Маҳалламиз стол теннисчилари” мусобақасининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси Қорақалпоғистон Республикаси бўлимлари ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган мусобақада 30 ёшгача бўлган эр-хотин, 11 ёшдан 14 ёшгача бўлган ўғил-қизлардан иборат жамоалар иштирок этди.

Мамлакатимизда стол теннисини янада кенгроқ тарғиб қилиш, ёшларни спорт мусобақаларига оммавий жалб қилиш, ўқувчиларнинг дарсдан ташқари бўш вақтларини самарали ташкил этиш мақсадида ташкил этилган мусобақанинг маҳаллалараро ҳамда шаҳар, туманлар босқичларида 1 300 га яқин оила, 2800 ўғил-қиз иштирок этди.

Мусобақа якунига кўра, оилалар ўртасида 1-ўринни Қонликўл туманидан Аллабаевлар, 2-ўринни Қораўзаклик туманидан Ешмуратовлар, 3-ўринни эса Кегейли туманидан Бегмашовлар оилалари эгаллади.

Ғолиблар 11-14 ёш оралиғидаги ўғил ва қиз болалар бўйича ҳам аниқланди ва ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Есимхон Қаноатов, ЎзА
3 476