Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

22.09.2017 18:04 Чоп этиш версияси

“Осиё ўйинлари – 2017”: опа-сингиллар шоҳсупанинг энг юқори поғонасида

Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида ўтказилаётган Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг кураш бўйича мусобақаларида қатнашган хоразмлик опа-сингил Кумуш ва Раҳима Йўлдошевалар ўз вазн тоифасида олтин медални қўлга киритиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.

Бу хушхабар нафақат уларнинг ота-онаси, мураббийлари ва қариндошлари, балки барча юртдошларимизнинг қалбини ғурур-ифтихорга тўлдирди.

Шовот туманининг чекка бир қишлоғида туғилиб, вояга етган опа-сингиллар болалигидан спорт билан мунтазам шуғулланди. Мураббийлари – халқаро тоифадаги спорт устаси Санъат Одамбоев ва тажрибали мутахассис Анвар Қуронбоевдан кураш ва дзюдо сирларини пухта ўзлаштирган қизлар бир неча йиллардан буён халқаро спорт майдонларида Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб келмокда.

Кумуш Йўлдошева ёшлигидан мактабдош дугоналарига қўшилиб Шовот туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактабида кураш сирларини ўрганиш учун қатнай бошлади. Тиришқоқлиги ва ўз устида тинмай меҳнат қилиши аста-секин ўз натижасини берди. Опасининг муваффақиятини кўрган сингиллари Раҳима ва Насиба ҳам унга қўшилиб, шу спорт турини танлади.

Кумуш Йўлдошева халқаро тоифадаги спорт устаси, Раҳима ва Насиба спорт устаси ҳисобланади. Опа-сингиллар Урганч давлат университети талабаларидир. Ашхободда эришилган натижа уларнинг яқинлари, ҳамқишлоқлари, устозлари, спорт мутахассислари ва мухлисларига олам-олам кувонч бағишлади.

– Куни кеча телевизор орқали қизларим Кумуш ва Раҳиманинг нуфузли мусобақада гиламга чиқиб келишини кузатар эканман, кўзларимга ёш келди, – дейди спортчи қизларнинг онаси Умида Ёқубова. – Иккаласи ҳам кетиш олдидан менга “Онажон, сизга албатта олтин медаль туҳфа қиламиз! Кўрасиз, биз опа-сингиллар Ўзбекистонимизнинг мадҳиясини баралла янгратамиз!”, дейишган эди. Уларнинг бўйнига медалларни тақишганида, Ватанимиз байроғи кўтарилиб, мадҳиямиз янграганида менга қўшилиб қариндошлар ҳам қувончдан йиғлади. Мамлакатимизда ёшларга, айниқса, қизларга спорт билан шуғулланиши учун барча шароит яратилган. Қизларимнинг ғалабаси ана шу эътибор самарасидир.

Ёпиқ иншоотларда ва жанг санъатлари бўйича V Осиё ўйинларининг кураш бўйича мусобақаларида Кумуш Йўлдошева 78 килограммгача вазн тоифасида Ҳиндистон, Туркманистон ва Хитой Тайпейи давлатлари спортчиларини мағлубиятга учратиб, олтин медалга сазовор бўлди. Раҳима Йўлдошева эса 87 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида Непал, Ҳиндистон ва Туркманистон курашчиларини енгиб, биринчи ўринни эгаллади.

– Опа-сингиллар – Кумуш, Раҳима ва Насиба Йўлдошевалар ёшлигидан кўз ўнгимизда улғайиб, улкан муваффақиятларга эришиб келмоқда, – дейди Шовот туманидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаби директори ўринбосари Наримон Худойберганов. – Ишонаманки, улар бундан ҳам нуфузли мусобақаларда юксак ғалабаларга эришиб, Ватанимиз довруғини бутун дунёга тараннум этади.

Ашхобод шаҳри мезбонлик қилаётган нуфузли спорт анжуманида Хоразм вилоятидан ҳам кўплаб спортчилар иштирок этмоқда. Жумладан, оғир атлетикачилардан жаҳон чемпиони Фарҳод Собиров, Шаҳзод Худойберганов, самбо буйича жаҳон кубоги соҳиби Зафарбек Аллаберганов, шахмат буйича ФИДЕ устаси Нодирбек Ёқуббоев ҳам совринли ўринлар учун асосий даъвогарлардан. Улар ўзларининг ёрқин ғалабалари билан барчамизни қувонтиришига ишончимиз комил.

Аҳмаджон Шокиров, ЎзА
2 961






Все о погоде - Pogoda.uz