ЎзА Ўзбек

02.05.2019 Чоп этиш версияси

"Қўқон-1912" яна "Локо"дан очко тортиб олди, бу натижа "Пахтакор" фойдасигами?!

"Қўқон-1912" яна "Локо"дан очко тортиб олди, бу натижа "Пахтакор" фойдасигами?!

Бугун Ўзбекистон суперлигасининг 7-тур ўйинлари давом эттирилди. Тошкентда мамлакатнинг амалдаги чемпиони "Локомотив" сўнгги вақтларда ўзи учун ноқулай рақибга айланиб бораётган "Қўқон-1912" клубини қабул қилди.

Учрашув кутилганидек майдон эгаларининг кескин ҳужумлари билан бошланди ва 4-дақиқадаёқ ҳисоб очилди. Ўнг қанотдан Ҳусниддин Ғофуров бошлаган ҳужумни Темурхўжа Абдухолиқов самарали якунлади - 1:0.

Шундан кейин ҳам майдон эгалари ташаббусни ўз қўлида сақлаб турди ва 28-дақиқада темирйўлчилар ҳисобдаги фарқни оширди. Бу сафар Темурхўжа Абдухолиқовнинг пасидан кейин Диёржон Туропов бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва ҳисобни 2:0га етказди. Кўпчилик учрашув тақдири ҳал бўлди деб турган бир пайтда қўқонликлар дарҳол жавоб тўпи киритди. Орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас Суҳроб Бердиевнинг жаримадан узатган тўпини Ойбек Рустамов дарвозага аниқ йўллади - 2:1.

Ушбу ҳисоб ўйиннинг асосий вақтида ўзгармади. Ўйиндаги эътиборли воқеалар ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда содир бўлди. Даврон Ҳошимов ўз жарима майдони ичида Беҳруз Саъдуллоевни йиқитди ва ҳакам Ҳасан Рўзиев мезбонлар дарвозаси томон 11 метрлик жарима белгилади. Уни аниқ амалга оширган "Қўқон-1912" аъзоси Шаҳбоз Эркинов жамоасига қимматли очкони тақдим этди. 

DSC_8274-1848x1228.JPG

Таъкидлаш жоиз бу ҳол қўқонликлар учун янгилик эмас. Ўтган йилги суперлига баҳсларида ҳам "Қўқон-1912" Тошкентда темирйўлчилар билан дуранг ўйнаган эди. 2015 йилги мавсумда эса улар Қўқонда ҳам "Локо"дан очко тортиб олган, натижада Вадим Абрамов истеъфога чиқарилганди. Бу сафар ҳам қўқонликлар "Локомотив" мухлисларини ранжитди. Умид қиламизки бу сафар истеъфо кузатилмайди. Андрей Фёдоров шогирдлари очко йўқотиши уларнинг принципиал рақиби "Пахтакор"га қўл келади.

Суперлига, 7-тур

"Локомотив" - "Қўқон-1912" - 2:2 

Голлар: Темурхўжа Абдухолиқов (4), Диёржон Туропов (28) - Ойбек Рустамов (30), Шаҳбоз Эркинов (90+2 пен.).

DSC_8295-1848x1228.JPG

DSC_8346-1848x1228.JPG

6 634
Отабек Эшмаматов, Муҳаммад Амин (сурат), ЎзА