ЎзА Ўзбек

28.07.2018 17:08 Чоп этиш версияси

“Ўлим спорти” — омад ва бахт “синови”…

“Ўлим спорти” — омад ва бахт “синови”… Дунёда инсонларни саломатлик ва бирдамликка чорловчи спорт турлари кўп. Шунингдек, ҳар бир миллатнинг ўзига хос миллий спорт ўйинлари мавжуд.

Аммо ҳайвонларни азоблаб, нобуд қилиш, бу ҳам етмагандек, инсон соғлигига эмас, фақат маблағни деб ўз жонига хавф солувчи спорт турлари билан шуғулланиш ақлга сиғмайди. Шундай хавфли спорт турларидан бири Испан миллий спорт ўйини Корридадир...

Маълумот. Испан миллий томошаси Коррида — испанча «corrida de toros» — буқаларнинг чопиши маъносини билдиради.

Коррида ўйини XI асрдан буён маълум бўлиб, бунда иштирок этганлар шарафланган. Аммо ўйин оқибатида деярли ҳар куни торреролар ўлим билан юзма-юз бўлишган. XVIII асрга келиб коррида цирк томошаси сифатида кенг оммага ҳам намойиш этила бошланган.

Кейинчалик коррида испан дворянларининг довюраклик даражасини синаш ва шакллантиришда қўл келган. Унда 12-14 кишидан иборат гуруҳ иштирок этади. Бу кишилар испанчада тореролар деб юритилади. Тореролар буқани ярқираган латта билан қўзғатади. Пикадорлар эса найзаларни буқага санчиб, уни баттар ғазаблантиради.

Дарҳақиқат ғазабланган буқа қутуриб, иштирокчиларни жароҳатлашдан тап тортмайди. Бу эса қайсидир маънода томошабинларга завқ бағишлар экан. Асосий ижрочи — матадорнинг буқа билан жанг ўйини буқани ўлдириш билан якун топади. Бу ўйин Испания, Жанубий Франция ва Лотин Америкаси мамлакатларида тарқалган. Бугунги кунга келиб ушбу мамлакатларда коррида ўйини устида катта маблағлар тикилиб, қонли буқалар жанги шоу тарзда ўтказилади.

КАТТА МАБЛАҒ УЧУН ЖОНИНИ ТИККАНЛАР...
Коррида спортида иштирокчилар ўз ўйинлари орқали омадини ва бахтини синовдан ўтказади. Бунга асос бор десак ҳам бўлади. Боиси қутурган буқадан қочиб қутулиш бахт олиб келишини билмадиг-у аммо омадли инсонларгина бунда омон чиқишига ишонса бўлади.

Испанияда жангари буқага нафақат оддий ҳайвон балки ўлим вакили ва юлдуз даражасига кўтарилади. Буқа билан “муомала” қилувчи матадор томошабинлар кўз олдида ўз маҳоратини кўрсатиб, ҳурмат қозониши лозим.

Матадор билан бирга “ишловчи” буқа 4 дан 6 ёшгача бўлиши лозим. (От билан уюштириладиган корридада, 2-4 ёшли, 450 кг.дан кам бўлмаган буқалар танлаб олинади.)

Чунки шу ёшда буқаларнинг айни кучга тўлган пайти бўлар экан. Буқаларни аренага чиқаришдан олдин матодор буқанинг характерини ўрганиш учун у билан анча машқ қилади, акс ҳолда матадор ундан ҳимояланиши қийин. Бу ўйинда буқанинг бўйин устига махсус иштирокчи ўйинчилар томонидан найзалар тиқилиб ҳолсизлантирилади ва матадор уни ўлдиради. Коррида ўйинида матадор анчагина айёр ва хушёр бўлиши лозим.

Матадор — испанча торреронинг бирлик шакли бўлиб, “Буни ўлдирувчи” маъносини англатади. Матадор бўлиш учун болалар 10-12 ёшдан бошлаб тайёрланади.

“АЖАЛ” АРЕНАЛАРИДА ҲАҚИДА…
Коррида спорти пайдо бўлган пайтда ўйин кенг ва очиқ майдонларда ўтказилган. 1733 йилга келиб Испаниянинг Севилья шаҳрида буқалар жанги учун айлана шаклдаги махсус коррида майдони қурилган. Майдон “Ла Маэстранса” номини олган.

Тузилишига кўра майдон Рим гладиаторлар жанги ўтказиладиган жойни эслатади. Корриданинг ватани Испанияда хусусан Мадридда XVIII асрда яшаган матадор аёл Пахуэлера номи ҳалигача кишилар ёдида. Кейинчалик бу ўйинда иштирок этиш аёллар учун бутунлай ман этилган.

1974 йилга келиб уларнинг корридада иштирок этиш ҳуқуқи қайта тикланган. Аммо бугунги кунда коррида ареналарига аёллар кам камдан-кам ҳоллардагина чиқади. Албатта довюракликда эркаклардан қолишмайдиган нозик кўринишли аёлларни буқалар жангида кўрсангиз, албатта сиз ҳам ҳайратланасиз. 

2.jpg

НОБУД БЎЛАЁТГАН ЖОНЛАР...
Ушбу спорт ортидан маблағ орттириш ўз йўлигадир, аммо инсонлар ва ҳайвонларнинг бу спорт ортидан кўраётган жабрини тушуниш учун ақлдан ташқари виждон ҳам муҳим саналса керак?! 

Майдондаги ҳўкизнинг жазавасидан от минган спортчи қочишга улгурган тақдирда ҳам, кўп ҳолларда отларнинг қаттиқ жароҳат олишига ва ҳатто ўлимига ҳам сабаб бўлади. 

Ҳар йили Испания, Франция ва Португалияда 6 минга яқин спортчилар коррида уйинида иштирок этишади.  XIX-XX аср мобайнида Испанияда кўплаб спортчи матодорлар айнан коррида уйини оқибатида ҳалок бўлган. Мадрид шаҳридаги “Лас-Вентас” коррида ўйин майдони ёнидан коррида ўйинида ҳалок бўлган спортчилар хотира майдони барпо этилган. Ушбу ўйин оқибатида 30 мингдан зиёд жангчи буқалар нобуд бўлади. 

Қайсидир маънода бу спорт инсонлар ва ҳайвонларни асоссиз нобуд қилиш дейилса, яна бир томони – халқона тилда айтганда, тўқликка шўхликдек туюлади. 

3.jpg



Абдулазиз Рустамов
5 610