Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

02.09.2018 14:40 Чоп этиш версияси

"Ўғлим  билан фахрланаман"

"Ўғлим  билан фахрланаман"

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтган XVIII Осиё ўйинларида мамлакатимиз боксчилари Осиё қитъасида тенгсиз эканлигини яна бир бор исботлади.

246112873_356884.jpg

Етти вазн тоифасида ўтказилган мусобақаларнинг барчасида боксчиларимиз биринчи ва иккинчи ўринларни эгаллаб, бешта олтин, иккита кумуш медалга сазовор бўлди. 

Андижон вилояти Пахтаобод тумани Сой маҳалласида туғилиб ўсган Жасурбек Латипов 52 килограмм вазнда жанг олиб борди. Финалда у филиппинлик рақиби Роген Ладонга ҳеч қандай имкон қолдирмади. У ўз ғалабаси билан терма жамоамиз ҳисобига навбатдаги олтин медални олиб берди.

Кўп карра Ўзбекистон чемпиони, Осиё ва жаҳон чемпионатлари совориндори Жасурбек Латипов Осиё ўйинлари мусобақаларидаги ёрқин ўйинлари билан дунёга ўзбек спортчилари ҳеч кимдан кам эмаслигини, нималарга қодир эканлигини кўрсатди. 

– Жасурбекнинг ютуғи бежиз эмас, – дейди Пахтаобод тумани “Сой” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Убайдулло Раҳмонов. – Чунки юртимизнинг чекка қишлоқларида ҳам спортга, айниқса, болалар спортини ривожлантириш, иқтидорли ёшларнинг ўз салоҳиятини юзага чиқаришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу ёшларимизнинг юксак марраларни эгаллашига замин яратмоқда.

Дарҳақиқат, Жасурбек 5-синфда ўқиётган вақтда ўзи туғилиб ўсган Сой маҳалласидаги бокс тўгарагига қатнай бошлаган. Биринчи устози Абдулҳафиз Эгамов раҳбарлигидаги машғулотларда маҳоратини, тажрибасини ошириб борди. Интилиш, тинимсиз машқлар самараси ўлароқ, у туман, вилоят мусобақаларида кўп бор ғолиб чиқди. 

Жасурбек Пахтаобод туманидаги 41-умумтаълим мактабини тамомлагач, Андижон олимпия захиралари коллежига ўқишга қабул қилинди. Бу ерда тажрибали устоз-мураббийлар кўмагида машғулотларда астойдил қатнашди, бокснинг техникаси, нозик жиҳатларини пухта ўрганди. Кўп ўтмасдан у ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритди. 

Коллежни тамомлагандан сўнг, Жасурбек Латипов Андижон давлат университетида таҳсил олди. Ана шу даврда у Андижон бокс мактабининг моҳир тарбияланувчиларидан бири сифатида бир неча бор Ўзбекистон, Осиё, жаҳон чемпионатлари ва бошқа кўплаб халқаро турнирларда ғолиб бўлди.

Жасурбек доимий равишда маҳоратини ошириб борди, меҳнатсеварлиги, тиришқоқлиги, ўзига бўлган ишончнинг кучлилиги туфайли юксак чўққиларни забт этиб, оддий бир қишлоқ йигити нималарга қодир эканлигини амалда кўрсатди.

Ҳа, Жасурбек оддий қишлоқ оиласида туғилиб ўсган оддий ўзбек боласи. Дадаси Муҳаммаджон аканинг умри қисқа экан. Ўн саккиз йил аввал оламдан ўтди. Онаси Матлубахон ая қизи Умидахон ва ўғли Жасурбекни ёлғиз ўзи катта қилди. Ўғлининг машҳур спортчи бўлиб етишиши учун зарур барча шароитларни яратиб берди.

Бугун ушбу оилада вояга етган Жасурбек билан нафақат яқинлари, андижонликлар, бутун Ўзбекистон аҳли ҳақли равишда фахрланади. Чунки, у дунёдаги энг нуфузли спорт ўйинларидан бири бўлган боксда юртимиз байроғини, Ўзбекистон шуҳратини юксакларга кўтарди.

– Яккаю ёлғиз ўғлимнинг юртимиз шуҳратини кўкларга кўтарганидан бошим кўкка етди, – дейди Жасурбекнинг онаси, меҳнат фахрийси Матлубахон ая Латипова. – Она учун фарзанд камолидан ортиқ бахт бўлмаса керак. Ўғлим юрт корига ярайдиган инсон бўлиб камол топганлигидан фахрланаман.

Кўплаб мусобақаларга кетишдан аввал, оила даврасида “Мен албатта, ютиб келаман”, дер эди ва сўзини устидан чиқарди. Давлатимиз раҳбарининг ўғлим каби спортчиларни доимий равишда қўллаб-қувватлаётганлигидан, уларга кенг имкониятлар эшиги очиб берилаётганлигидан қувонмай бўладими? Яратиб берилган шароитлар, рағбат туфайли ҳам ўғлим, қолаверса, у каби жуда кўп ёшлар юксак натижаларга эришмоқда. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.

Ф.Убайдуллаев, ЎзА