ЎзА Ўзбек

12.08.2019 18:37 Чоп этиш версияси

“Қарши опен-2019” халқаро турнири якунланди

“Қарши опен-2019” халқаро турнири якунланди

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 6-11 август кунлари Қарши шаҳрида шахмат бўйича Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи Исмат Шукуров хотирасига бағишланган “Қарши опен-2019” халқаро турнири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси матбуот хизматининг хабар беришича, чемпионат ғолиб ва совриндорлари халқаро гроссмейстер, халқаро тоифадаги спорт устаси ва ФИДЕ спорт устаси сингари халқаро унвонларни қўлга киритишди.

“Қарши опен-2019” халқаро турнири стандарт (классик шахмат) йўналишда 9 турдан иборат бўлиб, ўйинлар “А” ва “Б” гуруҳларида ўтказилди. Мусобақа швейцарча тизимда, ФИДЕ қоидалари асосида ташкил этилди.

photo5371071292339497966.jpg

Умуимий соврин жамғармаси 55 миллион сўмдан ортиқ бўлган “Қарши опен-2019” халқаро турнирида Ўзбекистон, Қозоғистон, Россия Федерацияси ва ҳатто Испаниядан жами 250 нафардан зиёд шахматчи ғолиблик учун баҳс олиб боришди.

Мусобақа якунларига кўра, эркаклар ўртасидаги “А” гуруҳи баҳсларида истеъдодли шахматчимиз Абдималик Абдисалимов 1-ўринни қўлга киритди ҳамда ташкилотчилар томонидан 8 500 000 сўм пул мукофоти билан рағбатлантирилди. Яна бир таниқли шахматчи Ортиқ Ниғматов 2-ўринга лойиқ кўрилди. Кучли учликка эса Иброҳим Каримов якун ясаб берди.

“А” гуруҳининг аёллар ўртасидаги баҳсларида таниқли шахматчи, халқаро тоифадаги спорт устаси ва шу билан бир вақтда халқаро гроссмейстерлик талабини амалда бажарган, фақат расман тасдиқланишини кутаётган Сарвиноз Қурбонбоевага тенг келадиган рақиб топилмади. Унга бир миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти топширилди.

Қолган йўналишлар бўйича мусобақа ғолиблари билан танишинг:

“А” гуруҳи ғолиби (18 ёшгача):

Сайдалиев Саидакбар (1 000 000 сўм)

“А” гуруҳи ғолиби (фахрийлар ўртасида):

Вул Аркади Еремеевич (400 000 сўм)

“Б” гуруҳи ғолиби:

Ибодуллаев Жўра (1 400 000 сўм)

“Б” гуруҳи ғолиби (16 ёшгача):

Баҳриллоев Баҳром (350 000 сўм)

“Б” гуруҳи ғолиблари(10 ёшгача):

Равшанов Шерали (200 000 сўм)

“Б” гуруҳи ғолиблари (8 ёшгача):

Исломов Шаҳзод (100 000 сўм)

“Б” гуруҳи ғолиби (фахрийлар ўртасида):

Арабов Нурқул (250 000 сўм)

ЎзА
6 473