ЎзА Ўзбек

06.07.2020 Чоп этиш версияси

ЗОМИН СЕМИНАРИ: ижод оламига онлайн саёҳат

ЗОМИН СЕМИНАРИ: ижод оламига онлайн саёҳат

Бу йил ёш ижодкорларнинг Зомин семинари Адиблар хиёбонидаги Алишер Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш билан бошланди.

Онлайн тарзда ташкил этилган семинарнинг очилиш маросимида таниқли шоир, ёзувчилар, публицистлар, таржимонлар, юртимизда фаолият юритаётган газета ва журналлар бош муҳаррирлари иштирок этди. Унда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси С.Саййид, халқ шоири У.Азим ва бошқалар Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қайта ташкил этилган Зомин семинари бир неча йиллардан буён истеъдодли ёшларни кашф қилиб келаётгани ҳақида гапирди.

Анъанавий ташкил этиб келинаётган семинарнинг қамровини янада кенгайтириш мақсадида Марказий Осиё давлатларидан ҳам ёш ижодкорлар иштироки таъминланаётгани эътироф этилди. Бу қўшни давлатлар билан адабий алоқаларни янги босқичга кўтаришга ҳам хизмат қилади.

Коронавирус пандемияси сабаб “Zoom” дастури орқали онлайн тарзда ўтказилаётган семинар қамрови ва иштирокчилар ижодий ишлари савияси юқорилиги айтилмоқда.

photo_2020-07-06_13-43-42.jpg

Дастурга мувофиқ, ёш ижодкорлар алоҳида шўъбаларга бўлинган ҳолда бадиий публицистика, бадиий таржима йўналишлари бўйича семинарларда иштирок этади. Куннинг иккинчи қисмида назм ва наср бўйича семинар иштирокчилари билан ишлаш жараёни давом этади.

– Бадиий таржима билан шуғулланиш асносида адабиёт бўстонининг нақадар мураккаб майдон эканини англадим, – деди семинар иштирокчиси Нурхон Ёқубова. – Шу майдонда сўз юкини елкага ортиб, ижод билан яшаш бахт, аслида. Бугун ижодий ишларим устозлар томонидан эътироф этилди. Семинар онлайн ўтсада устозлар меҳрини уларнинг тақдим этган сабоқлари орқали ҳис қилдим. Ўзим учун керакли маслаҳатлар олдим.

Форумда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлардан 58 нафар ҳамда Марказий Осиё давлатларидан 12 нафар ёш ижодкор иштирок этмоқда. 

Йигирма беш таниқли ижодкор, адабиётшунос олимлардан иборат ишчи гуруҳ аъзолари қатнашчиларнинг асарларини саралаб, онлайн маҳорат сабоқларини ўтмоқда.

7 086
Д.Маматова, ЎзА