ЎзА Ўзбек

24.07.2018 11:29 Чоп этиш версияси

Ўзмиллийбанк Германиянинг Дойче банки билан 500 миллион евролик битим имзолади

Ўзмиллийбанк Германиянинг Дойче банки билан 500 миллион евролик битим имзолади
Германиянинг Франкфурт-Майн шаҳрида Ўзмиллийбанк Deutsche Bank AG билан 500 миллион евро миқдорида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш бўйича битим имзолади.

Мазкур битим иқтисодиётнинг энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, нефть-кимёси, инфратузилма, металлургия, авиация ва бошқа турли соҳаларида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун кредит линияларини ажратишни назарда тутади.

Битимнинг ўзига хослиги шундаки, турли давлатлардан, жумладан, АҚШ, Хитой, Корея, Япония, Германия, Франция, Италия ва Испаниядан ускуналар ҳамда технологиялар импорти учун узоқ муддатли молиялаштириш тақдим этилади.

Германия банклари билан ҳамкорликни кенгайтириш Президентимизнинг 2017 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг Германия Федератив Республикаси билан икки томонлама ҳамкорлигини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этмоқда.

Қайд этиш жоизки, Ўзмиллийбанк ҳозирга қадар Германиянинг бошқа етакчи банклари, хусусан, Commerzbank AG ва AKA Bank билан ҳам инвестицион лойиҳаларни молиялаштириш бўйича битимлар имзолаган эди.

ЎзА
4 576