ЎзЛиДеП ўз сайловолди дастуридаги баъзи масалаларни маълум қилди
“Қани кимда қандай ташаббус бор, фикрлар беринглар”, дея сўз бошлади Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров.
“Қани кимда қандай ташаббус бор, фикрлар беринглар”, дея сўз бошлади Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Тўлқин Эшназаров. Ана шу жараёнда у соҳада юз бераётган камчиликлар, ечимини кутаётган масалалар ва ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.
– Юртимизда 4,5 миллиондан ортиқ аҳоли хонадонлари мавжуд бўлиб, уларга 434 минг гектарга яқин экин ер майдонлари бириктириб берилган, – дейди Т.Эшназаров. – Ҳозирда ушбу ер майдонларидан озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида икки баробардан ортиқ ҳосил олиш чоралари кўрилмоқда.
Хўп, бугунги кунда томорқачиларнинг ҳуқуқий муносабатларини ким, қайси қонун билан ҳимоя қилади. Ёки томорқа эгаси қанча маҳсулот етиштиради, унинг қанчасини кимга сотади? Деҳқон хўжаликларига бир гектаргача ер берилган. Уларнинг ҳуқуқий муносабатларини қандай тартибга солиш керак? Нима ўзгариш қилиш керак? Айни вақтда томорқа эгаларининг манфаатларини ҳимоя қилувчи қонун ҳеч бир жойда йўқ. Ёки қишлоқ хўжалиги ходимларини ким суғурта қилади? Бунда маҳсулот суғуртаси эмас, деҳқон соғлиғини суғуртасини назарда тутяпман.
Олдин колхоз бўлган, у ҳам яхши ишлаган. Ҳозир кооперация бўлди, нега, минг афсуски, бизда иш унумдорлиги жуда паст. Сувни, ўғитни исрофгарчилигини айтмаса ҳам бўлади. Энди 10 ёки 5 фермер бир жойда бирлашади. Аслида улар алоҳида-алоҳида юридик шахс лекин бирга ҳаракат қилиб, иш унумдорлигини оширади. Кейинги йилларда кластер ҳақида кўп айтилмоқда. Яқинда уларни ҳолатини ўргандик, маошлар 3-12 миллион атрофида. Тошкент вилоятидаги кластерда икки мингта иш ўрни яратилган.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси, ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳамкорликда ўтказган давра суҳбатида мазкур масалалар ва экинларни турли зараркунандалардан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этиш керакки, айни вақтда бегона ўтлар қишлоқ хўжалиги экинларининг ҳосилдорлигини ва етиштирилган маҳсулот сифатига салбий таъсир кўрсатувчи асосий омил ҳисобланади. Бегона ўтлар кенг тарқалган йиллари маданий ўсимликларнинг ҳосилдорлиги ғаллазорларда 10 фоизга, дуккаклиларда 13,4 фоизга, ғўзада 7,5 фоизга, сабзавот экинларида 10,8 фоизга пасаяди.
Шу боис ЎзЛиДеП ўз сайловолди дастуридан бу масалага ҳам кенг ўрин бермоқда. Чунки ўсимликларни зараркунанда ва касалликлардан самарали ҳимоя қилмай туриб, улардан сифатли ва юқори ҳосил олиб бўлмайди. Шу туфайли ҳам ушбу масала мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашдек муҳим аҳамият касб этувчи масаланинг ҳал этувчи қисмларидан бирига айланган. Мутахассисларнинг фикрича, бугунги кунда мамлакатимиз экин майдонларида зарарли ҳашаротлар турларининг салмоғи ортиб бормоқда.