ЎзА Ўзбек

18.07.2018 20:48 Чоп этиш версияси

Зиёратгоҳлар ободлиги – қалбларимиз поклиги

Зиёратгоҳлар ободлиги – қалбларимиз поклиги Қашқадарёдаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ зиёратгоҳи турли ҳудудлардан келган зиёратчилар ва чет эллик сайёҳлар билан гавжум.

Қарши шаҳрининг Жайҳун кўчасида жойлашган ва қарийб 5 гектарга яқин майдонни эгаллаган зиёратгоҳнинг кириш қисмида китоб савдоси йўлга қўйилган. Муқаддас динимизнинг софлигини илмий асословчи, эзгу ва ибратли ишларга бошловчи кўплаб китоб ва қўлланмаларни шу дўкондан топиш мумкин. Бу ердаги мўъжаз музей зиёратгоҳнинг ўтмиши, тарихи ва бугунидан сўзлайди. Музейда Қуръони карим, қадимги қўлёзмалар, Шаҳрисабздаги Оқсарой мажмуаси, Қарши шаҳридаги “Одина” ва “Кўкгумбаз” масжидларининг лойиҳаси ўрин олган. Бизгача зиёратгоҳ қадимий дарвозасининг ёғоч бўлаклари, темир халқалар ва симдан тўқилган совутлар етиб келган. Бундан ташқари, Иордания давлатидаги Абу Убайда ибн ал-Жарроҳнинг қабри, у ердаги кутубхона ва масжиднинг суратлари ҳам ушбу мўъжаз музейда сақланади.

Мавжуд манбаларда қайд этилишича, Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ислом динини биринчилардан бўлиб қабул қилган ва улуғ саҳобалардан бири бўлган. Тахминан 584 йилда Макка шаҳрида таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ ибн Ҳилол ибн Уҳайб ибн Зобба ибн ал-Ҳарис ибн Фиҳр ибн Молик ибн ан-Назар ибн Канона бўлиб, насаб жиҳатидан қурайшлардан ва еттинчи бўғинда ҳам отаси, ҳам онаси томонидан (Фиҳрда) пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) билан боғланади. Чунончи, пайғамбар алайҳиссалом насаб жиҳатидан Ғолиб ибн Фиҳр авлодларидан бўлса, Абу Убайда ал-Ҳорис ибн Фиҳр авлодларидандир. Пайғамбаримизнинг топшириқлари билан Абу Убайда ислом динини тарғиб қилиш мақсадида аввал Ҳабашистонга борган, сўнгра Расулуллоҳнинг ўзлари билан Мадинага ҳижрат қилган. Абу Убайданинг фидойилиги ва салоҳиятига ишонган пайғамбаримиз уни сария (ҳарбий гуруҳ)ларга амир (бошчи) сифатида ҳамда махсус топшириқлар билан бошқа жойларга ҳам жўнатган.

4.jpg

Пайғамбар алайҳиссалом ислом дини ва мусулмонларга садоқат билан хизмат қилиб, мислсиз фидойилик ва жасорат кўрсатган ўз саҳобаларидан 10 нафарига тириклигидаёқ жаннати бўлганликларини башорат қилган. Бу зотлар араб тилида “ашараи мубашшара” – “Жаннати бўлганликлари башорат қилинган ўнта зот” деб аталиб, улар сафида Расулуллоҳнинг чуқур меҳри ва эътирофини қозонган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ҳазратлари алоҳида ўрин эгаллайди.

– Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ 639 йили Иорданиянинг Бийсон шаҳрида вабо касалидан 55 ёшида вафот этган. Ислом тарихи ва унинг ақидаларини чуқур билган, уни турли халқлар орасида тарғиб эта олган мўътабар шахсдир, – дейди зиёратгоҳ раҳбари Исмоил ҳожи Райҳонов. – Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ёдгорлик мажмуаси Иордания пойтахти Аммондан 65 километр узоқда, Ағвор минтақасида жойлашган. Соҳибқирон Амир Темур бобомиз Шарқ мамлакатлари тарихи, ислом дини, пайғамбарлар тарихини яхши билган. Бу масалаларда таниқли олимлар билан баҳсу мунозара олиб борган. 1401 йили Шом диёрини забт қилганларида Амир Темур Иордания ҳудудида жойлашган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ мақбарасини зиёрат қилади. Пайғамбаримизнинг энг ишончли сафдошларидан бўлган Абу Убайда ибн ал-Жарроҳнинг мақбараси хокидан олиб, Қарши воҳасига келтирган ва унинг рамзий мақбарасини барпо қилдирган.

5 (2).jpg

Юртимизда тарихий қадамжоларни қайта тиклаш, зиёратгоҳ туризмини янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган эзгу ишлар натижасида 2012 йилда Абу Убайда ибн ал-Жарроҳ ёдгорлик мажмуаси қайта таъмирланди, ҳудудда кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилди. Ёдгорлик мажмуаси 2,4 гектарга кенгайтирилди. 2012 йил Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети олимлари томонидан унинг атрофида амалга оширилган археологик илмий изланишлар бу меъморий иншоотнинг барпо этилиши ва қурилиш даврини бир қадар ойдинлаштирди. Мазкур жараёнда бир неча вазифалар бажарилди.

Мажмуада кўплаб янги маданий мерос объектлари барпо қилинди. Жумладан, дарвозахона, таҳоратхона, инспекциянинг маъмурий биноси, XIX аср ҳужралари, IX-XIV аср сағаналари, минора, қудуқ, мақбара, 2 та ҳовуз, 2 та катта айвон, ошхона, омборхона, ёзги дам олиш айвонлари, қассобхона каби объектларда концервация, таъмирлаш-тиклаш, ободонлаштириш ва замонавийлаштириш ишлари қилинди. Зиёратга келувчи юртдошларимиз ва хорижий меҳмонлар учун мақбара замонавий зиёратгоҳ сайёҳлик масканига айлантирилди. Айни пайтда мажмуа зиёратчилар билан гавжум. Маълумотларга кўра, ҳар ойда 2,5 – 3 мингга яқин сайёҳ зиёратга келади.

– Бугун зиёратга келиб, бу ерда амалга оширилган ишлар, зиёратчилар учун яратилган шароитлардан, очиғи, жуда хурсанд бўлдим, – дейди Қарши туманилик меҳнат фахрийси Жонимқул Файзуллаев. – Мажмуада ҳаммаси ажойиб, худди қадимги даврдагидек кўркамлик ва маҳобат акс этган. Бир пайтлар қандайдир омборхоналар сифатида ишлатилиб, мутлақо қаровсиз қолган тарихий обидалар қайта тикланиб, қайтадан чирой очмоқда. Бундай эзгу ишлар бардавом бўлсин.

Қашқадарё воҳасида бу каби тарихий қадамжолар бисёр ва уларнинг ҳар бирида мана шундай кенг кўламли ободонлаштириш, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилмоқда. Мақсад эса битта – ўзлигимизни, тарихимизни англатиб турувчи, аллома аждодларимиз ҳақида хабар берувчи обидаларни кейинги авлодларга асл ҳолида етказиш.

Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат) ЎзА
5 122