ЎзА Ўзбек

29.08.2018 18:51 Чоп этиш версияси

Зиёратчилар муносиб кутиб олинди

Зиёратчилар муносиб кутиб олинди Наманган халқаро аэропортида ҳаж зиёратидан қайтган юртдошларимизнинг дастлабки гуруҳи вилоят ҳокимлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари томонидан кутиб олинди.

Кутиб олувчилар Наманган шаҳри, Чортоқ ва Янгиқўрғон туманларидан ҳаж зиёратини адо этиш бахтига мушарраф бўлган 230 дан зиёд юртдошимизнинг юзларида чексиз шукроналик ва қувонч уйғунлигига гувоҳ бўлди.

– Шу кунларга етказгани учун Яратганга беадад шукрлар айтамиз, – дейди Наманган шаҳридан турмуш ўртоғи билан бирга ҳаж зиёратини адо этиб қайтган И.Холмирзаев. – Бир вақтлар бутун Ўзбекистондан атиги икки-уч кишига ҳажга боришга рухсат берилганини биламиз. Мустақиллик туфайли барчаси ўзгарди. Мана, биз бир оиладан икки киши ҳажга бордик. Сафар давомида бизга барча қулайликлар яратиб берилди. Манзилга етиб боришимиздан то ортга қайтгунимизча юртимиз байроғи илинган автобуслар хизматимизда бўлди. Меҳмонхоналар борасида ҳам ҳеч қандай муаммо бўлгани йўқ. Бунинг учун давлатимиздан миннатдормиз.

13.jpg

Дарҳақиқат, ҳаж зиёрати давомида фуқароларимизга ҳар томонлама қулай шароит яратишга алоҳида эътибор қаратилди.

– Сафарда Ўзбекистондан борган зиёратчилар алоҳида гуруҳларга ажратилиб, ҳар бир гуруҳга тажрибали, жисмонан тетик кишилар бош бўлди, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Наманган вилоятидаги вакили А.Турсунов. – Зиёратчиларимизга ҳар томонлама юқори даражада ғамхўрлик кўрсатилди. Гуруҳларга алоҳида-алоҳида шифокорлар ажратилгани, кун ва ҳаж амалларини бажариш тартиби, йўналишлар аниқ белгилаб қўйилгани боис қийинчилик ва муаммолар бўлмади. Барча амалларни адо этиб, меҳмонхонага қайтганимизда эса ўзбекистонлик ошпазлар томонидан тайёрланган миллий таомлар тановул қилдик.

Зиёратчилар аэропортдан автобусларда йўл ҳаракати хавфсизлиги борасида кўрилган чора-тадбирларга мувофиқ, уюшқоқлик билан манзилларига етказиб қўйилди.


А.Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат) ЎзА
3 699