Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

06.07.2017 17:12 Чоп этиш версияси

Жиноятлар сони камаймоқда

Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси томонидан ҳудудда жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактика куни доирасида ҳафта давомида амалга оширилган ишларга бағишланган брифинг ўтказилди.

Унда вилоят ИИБ тергов бошқармаси ходимлари маҳалла фуқаролар йиғинлари, корхоналар ва ташкилотларда жамоат тартибини сақлаш, хавфсизликни таъминлаш, содир этилган жиноятлар, суд ва тергов жараёнларига алоқадор ҳолатлар бўйича атрофлича маълумот берди.

Жорий йил 29 июндан 6 июлга қадар вилоят ҳудудида қайд этилган 53 жиноятнинг 47 таси тезкор фош этилди.

– Айни пайтда 5 ўғрилик, 1 безорилик бўйича айбдорларни топиш ва уларни қонун доирасида жавобгарликка тортиш чоралари кўрилмоқда, – дейди вилоят ИИБ тергов бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Ж.Мамасолиев. – Тезкор тергов ҳаракатлари натижасида Юқори Чирчиқ туманида содир этилган қора мол ўғрилиги фош этилди. Оққўрғон туманида ҳам фуқароларнинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан уларнинг пулини ўз эҳтиёжи учун ишлатиб юборган шахс қўлга олинди.

Ҳафта давомида профилактика инспекторлари томонидан вилоят ҳудудидаги 14 минг 210 хонадон ўрганилиб, ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан маъмурий баённома тузилди. Жойларда 50 дан зиёд тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди.

Вилоят ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси томонидан ҳам ҳафта давомида бир қатор ишлар амалга оширилди.

– Профилактика тадбирларида 3 минг 346 хонадон, 23 ташкилот ва давлат тасарруфидаги объектлар текширилиб, кўрикдан ўтказилди, – дейди Тошкент вилояти ИИБ Ёнғин хавфсизлиги бошқармаси бўлим бошлиғи Ш.Эсонов. – Жойларда тушунтириш-тарғибот тадбирлари ўтказилиб, аҳолига ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин содир бўлганда ҳаракатланиш тартиб-қоидалари тўғрисида зарур тавсиялар берилди.

Ўтган ҳафтада вилоятда 34 ёнғин содир бўлиб, 2 фуқаро тан жароҳати олган. Текширувлар давомида 18 марта ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш ҳолати аниқланиб, қоидабузар мансабдор шахс ва фуқароларга тегишли тартибда чоралар кўрилган.

А.Мусаев, ЎзА
3 507






Все о погоде - Pogoda.uz