ЎзА Ўзбек

03.08.2020 Чоп этиш версияси

Ўзингни аяма Ватан десалар...

Ўзингни аяма Ватан десалар...
Қаҳрамонлик унутилмайди

Ёдгор чоҳда ётган отасини етти йил кутади. Унгача бирор марта кўрмаган. Фақат бунёдкорининг йўлларига интизор бўлган. Биз буни «Алпомиш» достонида ўқиганмиз. Ундаги воқеалар ҳаётимизга яқинлигига йиллар давомида гувоҳ бўлиб боряпман. Масалан, Ёдгора Қаҳрамонова ҳам Ватан учун жон фидо қилган отаси билан фахрланади. Нурли қиёфасини тушларида кўради, хаёлан суҳбатлашади. Унинг шаънига шеърлар битади.

Ватан учун жон берганнинг бегонаси бўлмас экан. Буни мен Фарғона вилоятига «Ватан сендан ризо, ўғлим» китобининг тақдимотига борганимда билганман. Тақдимот Сариосиё туманидаги тўқнашувларда мардларча ҳалок бўлган ўғлонларнинг ёрқин хотирасига бағишланган эди.

Китоб шаҳид ўғлонларнинг оила аъзоларига топширилаётган вақтда навбат тахминан қирқ ёшлар атрофидаги бир аёлга келди. Кўзларидаги мунг билан ийманибгина келаётган бу аёлга «Қаҳрамонжоннинг қаҳрамон аёли» дея таъриф беришди. Тадбирдан сўнг Қаҳрамон Мадолимовнинг турмуш ўртоғи Зуҳра Мадолимова билан суҳбатлашдик. Аёл киши сифатида унинг дил оғриқларини ҳис қилдим. Дардларига қулоқ тутдим:

Турмуш ўртоғим Қувасой шаҳрида туғилган. Новча, кўркам йигит эдилар. У киши тоғни урса талқон қилгудек кучини нафақат жисмоний меҳнатга, балки илм олишга ҳам сарфладилар. Марғилон тиббиёт билим юртида таҳсил олиб, ўқишни имтиёзли диплом билан тамомлагач, ҳарбий хизматга борганлар. Хизматни Ленинграддаги денгиз флотида аъло даражада ўтаб, қишлоққа ёруғ юз билан қайтган йигитга ҳамма ҳавас қилган ўшанда. Қаҳрамон ака вилоят шифохонасининг урология бўлимида, ҳарбий госпиталда, ҳарбий ҳаво кучлари қўшинларида ишладилар.

Мен ҳам шифохонада ишлардим. Ўн тўққизда эдим. Уйдагилар келаётган совчилардан бирига мени унаштириб, нон синдириб қўйишди. Йигитнинг кимлигини сўрашгаям ботинолмабман. Бир кун ишга кетаётсам, Қаҳрамон ака ортимдан:

– Сизни бир дақиқага мумкинми? – деб қолдилар.

Бу кўркам йигитни кўриб, тўғриси, юрагим бир «жиз» этдию, сездирмадим. Сўнг жиддий оҳангда:

– Вақтим йўқ. Мен унаштирилганман, – деб қадамимни тезлатдим.

– Сиз унаштирилган йигит менманку! – деди Қаҳрамон ака кулиб.

Уялганимдан ишхонага қандай етиб борганимни билмайман ўшанда.

Тўйимиз чиройли ўтди. Янги оилам самимий эди, кўникишим қийин бўлмади. Қаҳрамон ака билан соҳамиз бир бўлгани учунми, бир-биримизни ҳар томонлама тушунардик. Турмуш қурганимиздан бир йил ўтиб, қизимиз Зайнура туғилди. Қувончимизга қувонч қўшилди.

Шундай қилиб, Қаҳрамон ака билан беш йил бирга яшадик. Қисқа фурсат ичида бутун умрга етгулик бахтни ҳадя этиб кетдилар. Улардан ажраб қолганимизда мен 23, қизим Зайнура 4 ёшда, Ёдгора ҳали туғилмаганди...

Турмуш ўртоғининг ватанпарварлик туйғуси ҳақида тўлқинланиб гапираётган бу аёлнинг ўзи ҳам Қаҳрамон Мадолимов билан елкама-елка яшади. Оила қўрғонининг мустаҳкам бўлишида бу дилбар аёлнинг ҳам ўрни беқиёс эди. Айни гул ёшида паноҳидан айрилган Зуҳра опа рўзғорнинг оғир юкини зиммасига олди. Икки қизига ҳам ота, ҳам она бўлди.

...Қаҳрамон Мадолимов исмига монанд яшади, касбига садоқат билан ишлади. У 1999 йили Бўстонлиқ туманида жангарилар ҳужумига қарши курашларда ҳам ўзини кўрсатган эди: отишма тугамас, тинимсиз патронлар бўшар, ким қочгану ким қувган, ким эса қулаган... Қаҳрамон Мадолимов шундай пайтда қулаган қуролдошларининг ёнидан жилмас, ёрдам берар, бир қўлида қурол тутар, бир қўли билан ярадор сафдошини панароқ жойга олиб ўтишга уринар эди. У ўшанда жангда жароҳат олган қанчадан-қанча қуролдошларини муқаррар ўлимдан сақлаб қолган эди.

2000 йил 31 июль куни қаҳрамонимиз махсус топшириққа кўра, уйидан «Тезда қайтаман», деб чиқиб кетди. Унинг тезда қайтиши гумон, аммо борар манзили аниқ эди: Сурхондарёнинг Сариосиё ва Узун туманлари. Қаҳрамон Мадолимов у ерда жангарилар тўдасига қарши мардона курашди. Отишма чоғида унинг қуролдош дўстлари Бобур ва Маъруфжон қаттиқ жароҳат олди. Қаҳрамон Мадолимов эса доимгидек ёрдамга шошилди. Аввал Маъруфжонга, сўнгра Бобур Ғаниевга кўмак берди. Икковлоннинг ҳам яраларини боғлади. Бобуржонни четроққа олаётган пайтида бошига ўқ тегди... Тақдир экан, ҳозиргина ўзи қутқармоқчи бўлиб ҳаракат қилаётган ярадор дўстларидан олдинроқ Қаҳрамон Мадолимовнинг ўзи жон таслим қилди. Аёлига берган ваъдасини биринчи ва охирги марта бажаролмагани шу эди.

«Мен бобо бўламан!»

Оиланинг устуни сифатида отанинг ўрни беқиёс. Айниқса, қиз бола отасини бошқача яхши кўриб ардоқлайди. Буни Мадолимовлар оиласидан ҳам билиш мумкин.

Дадасидан ёдгор қолган қиз Ёдгора бу йил йигирма ёшга тўлмоқда. Шу ёшгача дадаси ҳақида одамлардан фақат яхши гаплар эшитиб улғайди. Мурғак қалбида чексиз меҳр, ҳарбийлик касбига ҳурмат билан ўсди. Орзуларини шу манзил томон йўналтирди. Келажакда отаси каби ҳарбий соҳада фаолият олиб бориш учун тинмай изланди, билим олди. Икки опа-сингил ҳам тиббиёт йўналишини танлади. Ҳозирда Зайнура Фарғона давлат университетида, Ёдгора эса Андижон тиббиёт институтида таҳсил оляпти.

Зайнура ўқиш билан бирга икки фарзандини ҳам вояга етказмоқда. Ҳар гал ота уйига келганда, энди тили чиққан ўғли «Мен бобо бўламан,» деб ҳовлига «чест» бериб кириб келади. Бу болакайнинг «Бобомга ўхшаб ҳарбий бўламан», дегани экан.

Зуҳра опа эса набирасига термиларкан: «Ўзинг ўхшагину, умринг ўхшамасин», деб қўяди ичида.

Ёдгорадан «Дадангизни қандай тасаввур қиласиз?» дея сўрайман.

– Дадам эртаклардаги баҳодирлардек, Алпомишдек туюлади, – дея жавоб берди у. – Суратларида бўйлари баланд, келишган инсон қиёфаси гавдаланади. Кўп тушимга кирадилар. Суҳбатлашамиз. Жисман орамизда бўлмасада, доим қўллаб туришларини ҳис қиламан. Дадам танлаган йўлдан кетмоқчиман. Аввало, юртимиз тинч бўлсин, мабодо улар каби юрт тинчлиги йўлида жон беришга тўғри келса, жонимга заррача ачинмайман. Чунки мен Қаҳрамоннинг қизиман.

Қаҳрамон Мадолимов Қувасойдаги 16-мактабда ўқиган. Ҳозир бу мактаб ҳовлисида унинг хотирасига бағишлаб ёдгорлик мажмуаси ўрнатилган. Маҳалладошлар, мактаб ўқувчилари, қариндошлар унинг бюстига боқиб, шундай ҳамқишлоғи борлигидан фахрланишади. Ёшлар унга ўхшашга ҳаракат қилади. Умуман, бутун ўзбек халқи учун ҳам унинг хотираси мангу. У бизнинг ҳам яқинимизга, жон-жигаримизга айланган. Зотан, Ватан учун жон берганнинг бегонаси бўлмайди.

Шоҳсанам НИШОНОВА.

8 460
ЎзА