Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

12.09.2018 10:23 Чоп этиш версияси

Ўзимизни ўзимиз алдамайлик

Ўзимизни ўзимиз алдамайлик
Муқаддам мавжуд баҳолаш тизимидан фарқли ўлароқ, олий ўқув юртига кириш учун тест синов усулини жорий этишда унга ўқишга лаёқатли, илмга интилувчан, ҳақиқий тиришқоқ ёшларни танлашнинг самарали воситаси деб қаралди. Амалда-чи? 

У қатор йиллар мобайнида билими ва ўзлаштириш қобилияти ҳаминқадар бўлган болаларни талабалар сафига киритиш қуроли бўлиб келди. Албатта, тест ҳақидаги тасаввурлар кўп ўтмай тарқади, унинг “таъмирталаб“ томонлари тезда кўзга ташланиб қолди, бироқ унинг жорий этилишига ташаббускор бўлган кишилар мансаб ва ваколатларидан фойдаланиб ҳар қандай эътирозга эътиборсизлик муҳитини яратдилар. Унинг ҳимоясини таъминладилар. Бу усулнинг муқим туриб қолиши учун бундан манфаатдор бўлган гуруҳлар ҳам, кези келганда тестга тасаннолар айтиб туришди. Гарчи у на таълимни ва на бошқа бир соҳани ҳаққоний равишда оёққа турғаза олмаган бўлса-да, ўзи қуламай ҳали-ҳануз оёқда тургани шундан. 

Айтиш жоизки, тест туфайли жамиятда жиноят тури яна биттага ошди: “тест товламачилари” пайдо бўлди. Ўзларини “паровоз” деб атаган бу “қавм“ калласи бўм-бўш “вагон”га ўхшаш абитуриентларни синовдан ўтказиб қўйиб, эвазига мўмайгина даромад топишни касб қилдилар. Олий ўқув даргоҳида эса, “паровоз“дан узилиб қолган бунинг каби қуп-қуруқ “вагон”лар ҳақиқий бошоғриққа айланди: ўқиш сифати, ўзлаштириш даражаси пасайди. Халқаро олимпиадаларга иштирок этадиган муносиб талабани топиш мушкул бўлиб қолди. Аллақаёқдан трансплантация қилиб келинган сохта демократик тамойиллар талабаларни талтайтириб юборди. Бу домлаларни ҳам анчайин танбаллаштирди. Илгари фанлардан иккита қарзи бўлган талабанинг талабалар сафидан чиқарилиши белгилаб қўйилган эди. Бола ўқирди, бирор-бир фандан қарздор бўлиб қолмасликка тиришарди. Бунинг ўрнига биз нимани татбиқ этдик? Ҳозир сессиядаги ҳамма (8-12) фанлардан ҳам қониқарсиз баҳо олганларга бир ой муҳлат берамиз. Гўё талаба тўрт ой мобайнида қилмаган ишини бир ойда қилиб улгурадигандек. Товба, дейсан: “Еб тўймаган – ялаб тўярканми?”

Хуллас, бу бир ойлик муддат талабага қарзини ёпиш учун қинғир йўллар ахтаришга асқатади: кимдир кимнидир ўртага солади, кимнингдир шунчаки омади чопади, кимдир домланинг “кўнглини топади“... 

Кўриб турибсизки, коррупцияга йўл очиляпти: домла сунъий равишда порага жалб этиляпти. Бу эса бора-бора барчамизни бирдек маънавий таназзулга тортади. Ўқитувчи билимсиз болаларнинг талабалар сафига келишидан манфаатдорлик ҳис қила бошлайди. Сабаби, жамиятда “ўқишга кирган талаба уни битириши шарт” деган қараш шаклланган. Боланинг лаёқатсизлиги учун бирор-бир чора қўллай олмаган ўқув даргоҳи, унинг ана шу лаёқатсизлиги билан муроса қилиб яшашга мажбур.

Қарабсизки, ўқиш йўқ, савия ҳаминқадар, аммо қоғозда ўзлаштириш рисоладагидек. Савол туғилади: кимни алдаяпмиз? Ўзимизни ўзимиз эмасми? Ахир биз ўқитаётган талабанинг ўзлаштириш даражаси бугун олий ўқув юртининг нуфузини тушириб турган бўлса, эртага мутахассис сифатида у ишлаб чиқаришга бориб, иқтисодиётни кўтаришига ким кафил? Кафиллиги бўлмаса ҳам, “кап”ини бериб ишга илашади. Ўқишга қандай йўл билан кирган бўлса, ишга ҳам шу тахлит жойлашади. Энг ачинарлиси, у муносиб бир мутахассис ўтирса, иқтисодий самара бериши мумкин бўлган бир жойни банд қилади. Ундан ҳам ёмони – ўзидан кучлироқ кадрни ўзидан тўрга ўтишига йўл бермай, тўсқинлик қилади. 

Мамлакатимиз аҳолисининг мустақилликка эришиб ҳам машаққатли ҳаётга маҳкум бўлиб қолаётганининг сабабларидан бири шу эмасми? Жаҳоннинг ривожланган илғор мамлакатлари билан бўйлашиш учун мамлакатда ялпи ишлаб чиқариш маҳсулотлари жон бошига фалон фоиз (давлатимиз раҳбари ҳам бу фикрни бот-бот такрорлайдилар), деган сохта рақамлар эмас, аҳолининг турмуш даражаси асосий мезон аслида. Қолаверса, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг сифати ва рақобатбардошлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, масала яна ҳам чуқурлашади. Бу жиҳатдан мақтаниб, кўкракка мушт уришга ҳали ҳақли эмасмиз. Сабаби, биз оқибат ҳақида сўзлашга одатланганмиз. Оқибат эса сабабнинг маҳсули экани ҳақида бош қотирмай қўйганмиз. Башарти, биринчи навбатда тафаккурга товуқнинг тухумича озуқа бермайдиган келажак ҳақида сохта, дабдабали шиорлардан воз кечишимиз лозим. Баландпарвоз чақириқлар, хусусан “дунёдаги барча йўллар Римга олиб боради” деганнамо калондимоғликлар, “Орийлар жамияти” ёки “коммунизм” ғояси охир-оқибат пуч эканини тажрибадан ўтказиб бўлдик.

Шу жиҳатдан олиб қараганда, тараққиётга бевосита алоқадор бўлган тармоқлардан бири олий таълим тизимидир. Бинобарин, соҳага доир қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш зарурати бор. 

Ўзбекистондаги мавжуд ижтимоий-иқтисодий шароит ва аҳоли менталитети, олий таълим муассасасини тўлалигича қабул жараёнидан халос этишни тақозо этади. Ҳатто ҳужжат қабул қилиш, олий таълим муассасаси ўқитувчиларининг тест назоратчилари сифатида иштироки ҳам ноўрин. Назаримда, кейинги 15-20 йилда ўқитувчиларни тамаъгирликка, талабаларни эса ялқовлик ва боқимандаликка берилишига айрим номукаммал қонун ва қоидалар, низомлар сабаб бўлди. 

Абитуриентларнинг ҳужжат топшириш жараёнини эса интернет орқали бемалол бажарса бўлади. Ушбу тажрибанинг нақадар самарадорлигини жорий йилда Юридик университет мисолида кўрдик. Ахборот алмашиш, маълумотлар олиш ёки беришда ҳозирда интернетдан қулайи йўқ. Нега энди мана шу қулайликни тест жараёнларига татбиқ қилишимиз мумкин эмас? 

Абитуриентларни тест синовлари бўлиб ўтадиган повильонларга ўтказишда бармоқ ёстиқчаларини текшириш усули жорий қилинса, ҳам қулай ҳам ишончли бўлади. Бировнинг ўрнига бошқа бировнинг суқилиб киришига тамоман барҳам берамиз. Амалдаги қонун-қоидаларга риоя этмай, била туриб тартибга хилоф равишда имтиҳон жойига тақиқланган воситаларни олиб киришга бўлган ҳар қандай уриниш қонунни бузиш даражасида баҳоланмоғи даркор. Башарти, ҳар бир фуқаро қонуннинг ҳар бир ҳарфига итоатда бўлмоғи шарт! Ёшларимизда ана шу туйғуни таркиб топтиришимиз лозим. Хитойда, бундай ҳолда тартиббузарга маъмурий чора кўрилади: у умрбод олий маълумот олиш ҳуқуқидан маҳрум этилади. Тўғри-да, катта ҳаёт остонасида илк қадамини шундай қинғир ташлаган киши, диплом олгач, қандай одим отишини тасаввур қилаверинг!

Қувонтирадиган томони шундаки, жорий йилда Президентимиз ташаббуси билан абитуриентларни ўқишга қабул қилишнинг адолатли йўли танланди. 1-15 август кунлари тест бўлиб ўтди ҳамда синов жавоблари бир кундан кейин эълон қилиниб борилди. Натижада ўзига ишонган, билими бор ўғил-қизларимиз талабалик бахтига муяссар бўлди. Демак, шундай йўл тутса бўлар экан.

Ҳар биримиз юртимиз нурафшон, халқимиз фаровон яшашини истаймиз. Чунки ўзимиз ҳам шу халқнинг бир бўлагимиз. Умумманфаат замирида бизнинг ҳам манфаатларимиз мавжуд. Бу юрт биздан болаларимизга, набираларимизга мерос бўлиб ўтади. Шундай экан, унинг тақдирига бефарқ бўла олмаймиз, эртаси ёруғ бўлишига масъулмиз. 

Фозил Тиловатов,
Самарқанд давлат университети
матбуот котиби

ЎзА