ЎзА Ўзбек

26.03.2020 Чоп этиш версияси

“ZIF Textile” ҳар куни 2 минг дона бепул ниқоб тарқатмоқда

“ZIF Textile” ҳар куни 2 минг дона бепул ниқоб тарқатмоқда

Термиз шаҳридаги “ZIF Textile” масъулияти чекланган жамияти тикувчилари ҳар куни 2 минг дона тиббий ниқоб тикиб, шаҳар аҳолисига бепул тарқатмоқда. Ниқоб учун зарур матолар шаҳар ҳокимлиги томонидан пешма-пеш етказиб берилаётир.

Ўтган йилнинг май ойида иш бошлаган корхона Германия, Италия ва Туркия технологияси билар жиҳозланган. 1 минг 200 дан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган жамоа 180 турдан зиёд маҳсулот ишлаб чиқармоқда. 

photo_2020-03-26_12-27-28.jpg

Корхонанинг ўз маҳсулотини сотиши учун доимий бозори – мамлакатимизнинг турли ҳудудларида 28 та йирик савдо мажмуаси бор. Яқинда йирик тикувчилик корхонаси Термиз шаҳрида “Indenim” бренди остидаги 28-савдо мажмуасини ишга тушириб, яна 300 дан ортиқ ёшларни доимий иш билан таъминлади. Йил охиригача бундай савдо мажмуалари сонини кўпайтириш, тикувчилик мажмуасида эса қўшимча 500 дан зиёд хотин-қизларни иш билан таъминлаш режалаштирилган. 

Дунё ҳамжамиятида жиддий ташвиш ўйғотган коронавирус инсониятнинг меҳр-оқибати, ҳамжиҳатлиги ва ақлу-идрокини синовдан ўтказаётган шу кунларда Сурхондарё вилоятида ҳам кўплаб корхоналар, тадбиркорлар ва бошқа инсонлар аҳолига тиббиёт ниқоблари, турли озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда кундалик эҳтиёж молларини бепул тарқатиб, халқимизга хос саховатпешалик, аҳиллик фазилатларини кенг намоён этмоқда.

photo_2020-03-26_12-27-32.jpg

693
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА