ЎзА Ўзбек

17.07.2018 15:00 Чоп этиш версияси

Жузеппе Кастильоненинг “тоза қонли арғумоқ”лари ўзимизнинг қорабайир отлари

Жузеппе Кастильоненинг “тоза қонли арғумоқ”лари ўзимизнинг қорабайир отлари
Қорабайир отлари ўтмишини тадқиқ қилишда бир-биридан ҳайратомуз далилларни учратдик. Бирисига ишонгингиз келмайди, бироқ таққослама таҳлиллар, тўпланган фактлар ишонишга мажбур қилади. Бошқасига сўзсиз ишонасиз, чунки солномалар орасидан кўҳна қорабайирлар ўктам-ўктам кишнаб турган бўлади.

Саккиз тоза қонли арғумоқ 

10.JPG                                                                                                  

Қуйида ана шундай ноёб далиллардан бирини таништирамиз. Фақат мазкур фактгача юз берган айрим воқеалар хусусида қисман мулоҳаза юритиш лозим. 

Бундан уч юз ўттиз йил бурун, аниқорғи 1688 йил Италиянинг Милан шаҳрида бир чақалоқ туғилади. Аввалига замондошлари эътибор бермайди. Боз устига олис Хитойда яшаб, вафот этгач хотиралардан тамомила ўчади.

Лекин...

Орадан икки аср ўтиб, истеъдоди уни қайта “тирилтиради”. 

Тирилтирганда ҳам нафақат Миланни, балки бутун Европани ошуфта этади. Санъат ихлосмандлари, ёш мусаввирлар асарларига маҳлиё бўлишади. Кўҳна Чин саройидаги расмларидан кўчирмалар олиб, дунёнинг энг йирик галареяларига тарқатишади...

Шу тариқа XIX асар охири XX аср бошларида мусаввирлик санъатида янги ном пайдо бўлади: Жузеппе Кастильоне!

Унинг ҳаёти ва шахси хийла мураккаб. Болалигида чизишга қобилияти борлигини отаси – ўз даврининг мутассиб иезуитларидан бири – Андреа Поццо пайқайди. Ёш рассомнинг ички қиёфаси дастлабки чизгилариданоқ билинади. Илк суратларида оиладаги диний қарашлар таъсири ўлароқ черков ҳаёти ва христиан дини урф-одатларини тасвирлайди. Йигирма етти ёшларида ҳукумат марказига келади. Бу пайтда у иезуит орденига эга, тажрибали монах эди. Унинг ўткир зеҳнли рассом бўлишида монастрдаги итоаткорлик катта ёрдам берган дейишади.

Хитойга миссионерлик билан боради. Кастильонелар жамоаси Чинда христиан динини тарғиб қилиши керак эди. Ноёб мусаввир, уста меъморлигини император Цянлун тезда илғайди ва сарой ишларига жалб қилади. Хитойча Лан Шинин исмини беради. Кастильоне император шафеълигида 1744 йилда Юанмингюан боғида боғ эскизлари альбомини битиради, 1749-1759 йилларда ёзги сарой қурилишида қатнашади. Хизматлари туфайли миссионерлар иши бўйичаҳукумат таъқибга учрамайди.Жунғор хони Амуранснинг 1754 йили императорга содиқлиги шарафига уюштирган базмида қатнашиш асносида Цянлун билан бирга шимолга саёҳат қилади. Цянлун 1765 йил ғарблик мусаввирларга Жунғория ва қўшни мусулмон мамлакатларни фатҳ этиш жараёнларидаги ғалабалари акс этган гравюралар сериясини яратишни топширади. Бу иш 1774 йил поёнига етади. Шу гарвюралардан тўрттаси Жузеппа Кастильоне томонидан яратилган.

Император Цянлун оти

e171cc6c-1069-474d-b711-b37db59de49e.jpg

У 1766 йил вофот этади. Хоки Пекиндаги португаллар қабристонига қўйилади. Император Цянлун сағанасига эпитафия ёздиртиради.

Ярадор жангчи оти

c05ae33c-3cfd-4de6-a119-1ca75e535bbd.jpg

Мусаввир асарларини кузатаётиб, қадимги ўзбек йилқичилигига доир айрим жиҳатлар эътиборимизни тортди. Масалан, “Тоза қонли юз арғумоқ” ва “Саккиз тоза қонли арғумоқ” асарларида тасвирланган отлар тумшуғининг пастга осилиб туриши, оёқларининг бақувватлиги, бўйнининг йўғон ва танасига нисбатан калталиги, ўмрови очиқлиги, қуймичининг кенг ва қарчиғайи баландлиги билан қорабайир отларига келбат берарди.

Келбат берарди эмас, аксарияти қорабайирлар эди!

Шу ўринда ўрта асрлар Хитойидаги йилқилар қорабайир бўлиши мумкинми?! Ёки Цянлун саройига бу отлар қай тарзда бориб қолган? – деган ҳақли савол туғилиши мумкин.

Бу каби сўровларга жавоб беришдан аввал айрим тарихий далилларга назар ташлаймиз.

ЎзРФА Шарқшунослик институти катта илмий ходими Шерали Қўлдошев “Фарғонанинг самовий отлари” номли мақоласида шундай ёзади: “Элчи Чжанг Чян Хан императори У Дига биринчи марта (Фарғонадаги) тулпор отлар ҳақида сўзлаб берганида, император элчилар орқали 1000 жинг (ҳозирги ҳисобда 500 кг.) олтин ва олтиндан ясалган от ҳайкали юбориб, Фарғона ҳукмдори (ванг) дан булар эвазига зотли отлардан беришини сўраган. Бироқ Фарғона ҳукмдори Мугуа кўп сонли Хан қўшинлари узоқдан етиб келолмайди деб ўйлаб, бунга рози бўлмаган ва бебаҳо отларини бермаган. Буни эшитган У Дининг жаҳли чиқади ва мил. авв. 104-йили Ли Гуангли исмли саркардани ҳарбий қўшинга қўмондон этиб тайинлаб, Фарғонага ҳужум қилишга, Эршидаги отларни олиб келишга юборган... Ўзганда қамал жараёни кетётган ва Хитой аскарларининг сони ва озиқ-овқати оз қолган ҳамда шимолда Қангқия давлатидан (фарғоналикларга) ҳарбий ёрдам келаётган эди. Шу сабабли Ли Гуангли фарғоналиклар билан сулҳ тузиб, бир неча ўнта зотли тез чопар отлар ва уч мингдан ортиқ ўрта ҳол отларни танлаб ортга қайтган. Хитойда эса, Ли Гуангли ғалабаси катта тантана билан нишонланган. Айниқса самовий отларнинг қўлга киритилиши муҳим ғалаба ҳисобланган.

Муаррих Абдураззоқ Самарқандий “Матлаи саъдайн ва мажами баҳрайн” асарида Шоҳрух мирзо, Бойсунғур мирзо, Суюрғатмиш мирзо ва Мирзо Улуғбек томонидан элчилар орқали Чин ҳукмдорларига кўплаб тоза қонли отлар тортиқ қилингани-ю, баъзида императорнинг бундан кўнли тўлмаганлигини қуйидагича баён этади:

“Рабиъ ал-аввал ойининг бошларида подшоҳ (император – А. С) элчиларни чақиртирди ва тўққизта шунқорни ҳозир қилиб: «Кимки менга яхши от олиб келган бўлса, мен ўша кишига шунқор бераман», – деди. Учта шунқорни Мирзо Улуғбек элчиси Султоншоҳга, учтасини мирзо Бойсунғурнинг элчиси Султон Аҳмад ва яна учтасини ҳазрат Хоқони саид (Шоҳрух – А. С) элчиси Шодихожага такдим қилди ва сўнг шунқорларни (сақлаш учун) ўзининг қушбоқарларига топширди... Элчилар отга миниб подшоҳга ҳамроҳ бўлдилар. Подшоҳ Шодихожага айтди: «Тортиқ ва совға, ҳадяга юборилган от ва овчи қушлар ғоятда яхши бўлмоғи лозим, токи икки орада муҳаббат ортмоғига сабаб бўлсин; сен келтирган от эса, мен унга ов вақтида минган эдим, ғоятда қарилигидан мени улоқтириб ташлади; менинг қўлим оғрияпти, кўкариб кетди, кўп дори суртган эдим, алами бир оз таскин топди», — деди. 

Шодихожа узр айтгандек бўлиб: «Бу от улуғ амир ҳазратлари Темур кўрагондан ёдгор қолган, Шоҳрух жаноблари ғоятда ҳурмат кўрсатиб, бу от (сизнинг) улусингизда отларнинг саромади бўлар деган умид билан юбордилар» – деб арзга етказди. Бу гап подшоҳга ёқиб тушди ва таҳсин айтди.

Мазкур тарихий қайдлардан кўриниб турибдики, Кастильоне Цянлун саройидаги қорабайир йилқиларни қоғозга туширган. 

Шу отларни “тоза қонли арғумоқ” деб билган.

Тоза қонли юз арғумоқ

10896381-9082-4eb3-8066-a05ba91e5ce6.jpg

0e952973-f3df-4642-b878-17d57bb8ff9b.jpg

8ade3073-9f73-46bd-a070-74254802946c.jpg

03.jpg


Анвар Суюнов,
Ўзбекистон йилқичилик ва 
от спорти федерацияси 
Матбуот котиби

PS: Материал Ўзбекистон республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти доирасида тайёрланди.

ЎзА
5 990