ЎзА Ўзбек

05.07.2018 19:48 Чоп этиш версияси

Журналистлар янги қонун ҳужжатлари билан танишди

Журналистлар янги қонун ҳужжатлари билан танишди
«Пойтахт» бизнес-марказида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан “Адлия ахбороти” мавзуида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига етказиш мақсадида ташкил этилган анжуманда Президентнинг 5 қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 6 қарори, 3 та идоравий-норматив ҳужжатнинг мазмун-моҳияти бўйича тушунтириш берилди.

Шунингдек, Давлат солиқ қўмитаси вакиллари Президентимизнинг 2018 йил 26 июндаги “Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра тизимга киритилган янгиликлар ҳақида маълумот берди.

Қарорда Давлат солиқ қўмитасининг “Республика ахборот-маслаҳат маркази” ва “Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази” давлат унитар корхоналари негизида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонасини ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

2019 йил 1 январдан хизмат кўрсатиш, савдо ва умумий овқатланиш соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови, ягона ер солиғи жорий этилади. Ҳисобланган солиқлар суммаси ҳақида солиқ тўловчининг “шахсий кабинети” орқали хабарнома юбориш йўлга қўйилади.

Шунингдек, тадбирда Президентимизнинг 2018 йил 20 апрелдаги “Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган тартиб-қоидалар ҳақида маълумот берилди.

Гулноза Бобоева, ЎзА
9 426