ЎзА Ўзбек

09.08.2018 16:11 Чоп этиш версияси

Журналистлар мажбурий меҳнат ҳақида қандай ёзиш борасида тажриба алмашди

Журналистлар мажбурий меҳнат ҳақида қандай ёзиш борасида тажриба алмашди
Самарқандда “Меҳнат ҳуқуқлари ҳимоясини холис ёритиш ва ахборотни ўз вақтида тақдим этиш механизмлари” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди.

Тараққиёт стратегияси маркази, давлат ва жамоат ташкилотлари, халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Самарқанд, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидаги оммавий ахборот воситалари вакиллари, касаба уюшмалари ва бандлик бошқармалари ходимлари иштирок этди.

Семинарда мажбурий ва болалар меҳнати тушунчалари, ушбу йўналишда юртимизда амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Бу борадаги халқаро меҳнат қонунчилиги ва миллий тажриба хусусида сўз юритилди.

– Ўзбекистон Республикаси Халқаро меҳнат ташкилотининг аъзоси ҳисобланади ва мамлакатимиз мазкур тузилманинг бир қатор конвенцияларини ратификация қилган, – дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси бош мутахассиси Л.Турикова. – Бу юртимизда меҳнат муносабатларига оид қоида ва меъёрлар халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилганини кўрсатади. Лекин фуқаролар ушбу қоидалардан етарли даражада хабардор бўлмагани сабабли иш берувчи ва ходимлар ўртасида тушунмовчиликлар, зиддиятлар келиб чиқади. Ана шундай ҳолатларнинг олдини олиш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишда оммавий ахборот воситалари, жамоатчилик назоратининг аҳамияти жуда муҳим.

Семинар-тренингда юртимиздаги интернет сайтлари муҳаррирлари меҳнат муносабатларига оид материалларни тайёрлаш ва тарқатиш, журналистик суриштирув ўтказиш бўйича ўз тажрибаси билан ўртоқлашди, иштирокчилар билан фикр алмашди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА
7 247