ЎзА Ўзбек

08.06.2018 17:11 Чоп этиш версияси

Журналистлар Давлат хизматлари марказида қандай имкониятлар яратилгани билан танишди

Журналистлар Давлат хизматлари марказида қандай имкониятлар яратилгани билан танишди
Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази томонидан ташкил этилган пресс-тур тадбирида вилоятда фаолият кўрсатаётган журналистлар иштирок этди.

Иштирокчилар "Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади" тамойилини ҳаётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, давлат хизматлари марказида аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 декабрдаги “Аҳолига давлат хизматлари кўрсатишнинг миллий тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Адлия вазирлиги ҳузурида Давлат хизматлари агентлиги, унинг шаҳар ва туман марказлари ташкил этилди.

4.jpg

“Ягона дарча” марказлари Халқ қабулхоналари ҳузурида фаолият кўрсатувчи давлат хизматлари марказига айлантирилди. Авваллари “Ягона дарча” марказлари фақат тадбиркорларга хизмат кўрсатган бўлса, 2018 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматлари марказлари аҳолига ҳам хизматларни тақдим этиши белгилаб қўйилди.

13.jpg

Вилоятда “Фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади” тамойилини ҳаётга татбиқ этишнинг ташкилий жиҳатлари, бунга мутасадди ташкилотнинг моддий-техник базасини яратиш ва мустаҳкамлаш борасида диққатга сазовор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Наманган шаҳар давлат хизматлари марказига “Карбонам” масъулияти чекланган жамияти тасарруфидаги фойдаланилмай турган тўрт қаватли бино ажратилиб, 15 миллиард сўмлик реконструкция ва жиҳозлаш ишлари амалга оширилди. 

Давлатимиз раҳбари жорий йил 2-3 май кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида мазкур марказда ҳам бўлиб, бу ерда фуқаролар ва хизматчилар учун яратилган шароитларга юқори баҳо берди: "Биз бу хизматни нима учун ташкил қилдик? Адолат бузилмаслиги, коррупция бўлмаслиги, одамлар қийналмаслиги учун. Ушбу муассаса давлат хизматлари марказлари фаолиятини ташкил этишнинг Наманган тажрибаси, одамлар билан мулоқотнинг янги намунаси бўлади. Энг катта ютуғимиз бундай идораларда энди фуқаролар эмас, ҳужжатлар ҳаракатланади”. 

Дарҳақиқат, Наманган шаҳар давлат хизматлари маркази фаолияти билан танишар эканмиз, бу ерда юридик ва жисмоний шахсларга ортиқча вақт сарфламай, сарсонгарчилик ва асаббузарликларсиз белгиланган давлат хизматларидан фойдаланиш учун барча шароит яратилганига гувоҳ бўлдик.

14.jpg

Марказда 17 нафар малакали мутахассис томонидан замонавий ахборот технологиялари воситасида 600 мингдан зиёд аҳолига ижтимоий-иқтисодий, маиший ҳамда тадбиркорлик субъектлари фаолияти билан боғлиқ муаммо ва масалаларда тезкорлик билан ёрдам кўрсатилмоқда. Марказ фаолиятининг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда фуқаро кунлаб навбат кутиб қолмайди. Масалан, жамғариб бориладиган пенсия тизимига рўйхатга туриш учун аввалгидек банкка бориш шарт эмас. Бу масала марказда узоғи билан бир соатда ҳал бўлади. Солиқ тўловчининг идентификация рақамини олиш ҳам содда усулда, қисқа фурсатда бажарилади. Ёки эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини янгисига алмаштириш яқин вақтга қадар фақат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошқармасининг рўйхатлаш-имтиҳон олиш бўлимида амалга оширилиб, бу жараёнга икки-уч кун вақт кетар эди. Эндиликда бу амалиёт ҳам давлат хизматлари қаторидан ўрин олди. Гувоҳномасини алмаштирмоқчи бўлган шахс марказдаги мутахассисга эски нусхадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда фуқаролик паспортини тақдим этган ҳолда белгиланган тўловни амалга ошириши кифоя. Суратга олиш масаласи ҳам шу жойда ҳал этилади. Кўриб турибсизки, ID мақомидаги янги гувоҳнома ярим соатга қолмай тайёр ҳолда қўлингизга топширилади.

Бугун фуқаролар ушбу масканга ер участкаси кадастри, кўчмас мулк объектига эгалик ҳуқуқини тиклаш, коммунал хизмат, ҳатто, оилавий турмуш муаммолари хусусида ишонч билан мурожаат қилмоқда. Чунончи, ўтган қисқа вақтда 4 минг 721 ариза қабул қилиниб, аксариятининг ижроси таъминланди. Улар орасида, айниқса, тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш бўйича 1296 мурожаат ижобий ҳал қилинганини алоҳида айтиш жоиз.

Бошқа жойларда бўлгани сингари Наманган шаҳрида ҳам болаларни мактабгача таълим муассасасига жойлаштириш бўйича етарлича муаммо тўпланиб қолган эди. Яқингача ота-оналар ҳали боғча, ҳали халқ таълими бўлими
га қатнар, узоқ вақт навбатда турар эди. Энди бу юмуш ҳам марказнинг ўзида бир пасда битаётир. Ота-она томонидан қилинган мурожаат рўйхатга киритилиб, йўлланма олиш учун навбат электрон усулда олиб борилади. Кейинги пайтларда бу масала бўйича 250 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган. 120 дан ортиқ бола боғчаларга қабул қилинган.

– Дастлаб, бу марказларда аҳолига 37 турдаги инновацион технология ва замон талабларига мос давлат хизмати кўрсатилган бўлса, бугун кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 50 тага етди, – дейди марказ директори Акромжон Акромов. – Шаҳардаги корхона-ташкилот ва муассасаларнинг кўпчилигида фуқаролар мурожаати бўйича қўйилаётган масалаларга масъулият билан ёндашилмоқда. Марказ мутахассислари томонидан сайёр хизмат кўрсатишнинг йўлга қўйилгани ҳам аҳолига қўшимча қулайликдир. Маҳалла, бозор ва йирик савдо мажмуаларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларига ёрдам берилаётир. Жумладан, ҳозирги кунга қадар 24 маҳаллада ана шундай тадбирлар юқори савияда ўтказилди.

Буларнинг барчаси давлат хизматлари кўрсатишнинг инновацияга асосланган миллий тизими муваффақиятли жорий этилаётгани ифодасидир. Одамлар энг зарур хизматлар жамланган бу идора фаолиятидан мамнун.

Айтиш керакки, тизимда ишлар кўлами янада кенгаяди. Хусусан, яқин вақт ичида тақдим этилаётган хизматлар турини 100 тага етказиш кўзда тутилган. Айни жараёнда олий таълим муассасаларига кириш ҳужжатларини қабул қилиш, архив хизмати, электр, газ, ичимлик суви ҳисоблагичи ўрнатишга рухсат бериш ва бошқа кўплаб оммабоп амалиётлар ҳам жорий этилади.

Марказда электрон навбат тизими жорий этилган бўлиб, кунига 800-1000 фуқаро ва тадбиркорга 50 дан ортиқ давлат хизмати кўрсатилади. Бу ерда Халқ қабулхонаси, нотариус, ФҲДЁ, паспорт бўлимлари, суғурта, кадастр, ҳайдовчилик гувоҳномасини алмаштириш, тез тиббий ёрдам хизматлари, банк шохобчаси жойлашган. Мижозларга қулайлик яратиш мақсадида биринчи қаватда болалар майдончаси, кафе ишлаб турибди. Муассасанинг учинчи қаватида “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бўлими ҳамда Наманган инновация маркази фаолият кўрсатмоқда. 

Акрамжон Сатторов, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА
8 075