Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

05.02.2018 14:16 Чоп этиш версияси

Журналистик суриштирувнинг меъёрий чегаралари қаерда?

Бундан бир неча юз йил аввал, дастлабки варақалар чоп этилганидаёқ энг қизиқарли ва муҳим мавзу – оммадан шу пайтгача яшириб келинган ахборот бўлган. Журналистлар шу ахборотга доир маълумотларни излаб топиб газетанинг навбатдаги сонларига жойлаштирган.

Матбуот тарихидан маълумки, уларнинг аксарияти қонунбузарликлар билан боғлиқ бўлган. Ана ўшандан буён мақолаларга “журналистик суриштирув” деган рукн қўйиш одатга кирган.

Ўзбек матбуотида журналистик суриштирув фақатгина мустақиллик йилларининг дастлабки 10-15 йилида ривожланди. Босма ва электрон ОАВларида бири-биридан қизиқарли суриштирувлар эълон қилинди. Бу борада “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси ҳамда Ўзбекистон телевидениесининг “Ахборот” таҳририяти жуда кенг доирада ўқувчи ва томошабинни йиға олди. Ўша пайтда 20-25 миллион аҳолиси бўлган мамлакатимизда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси адади 700-800 минг нусхага етди. Одамлар соат 2030 да бошланадиган “Ахборот” дастурини барча юмушларини тўхтатиб кўрадиган бўлдилар.

Ўзбекистонда цензура бекор қилинган бўлсада, 2005 йиллардан юқори мартабали маъмурлар ҳамда бош муҳаррирларда ички цензура кескин кучайди. Матбуотда танқидий, таҳлилий мақолалар, журналистик суриштирув аста-секин камайиб бораверди. Журналистлар ўткир мавзудаги мақолаларни чоп этишда раҳбарларнинг эҳтиёткорлигига учрайвергач, ўзлари ҳам муаммоларни четлаб ўтадиган бўлди. Фақат 2017 йилдан матбуотимиз яна жонланди. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг барча соҳалар каби оммавий ахборот воситалари вакилларини қилган танқидидан сўнг журналистик суриштирув жанрида долзарб мавзулар кўтарилди. Шу пайтгача парда ортида қолаётган воқеликлар юзага чиқа бошлади. Тўғри, ҳали уларнинг барчасини ҳам мукаммал чиқишлар дея олмаймиз. Бир ёқлама муносабат, мавзу моҳиятини чуқур англаб етмаслик, ихтисослашмаганлик каби камчиликлар кўзга ташланиб турибди.

Журналистик суриштирувнинг мақсади нима, ҳақиқатга эришишми? Унинг йўлидаги изланишда журналист ҳаракатларининг қонун билан белгиланган чегараси қаерда? Бу масалада ҳалигача қонуний меъёрлар йўқ. Ўзбекистонда шу мавзуга бағишланган олим ва мутахассисларнинг илмий тадқиқотларини ҳануз кутамиз. Амалиётчилар тажрибаси ҳақидаги қўлланмалар деярли чоп этилмаган. Нега шундай?

Журналистик суриштирув муаллифдан ғоят чуқур ва ҳар томонлама билим талаб қилади. Бу жанрда ижод қилишда соф қалбнинг ўзи кифоя қилмайди. Уларга ҳуқуқий кафолат, ахборот таъминотида кўмак, муҳаррир қўллови ҳам керак. Цензура бекор қилинганининг ўзи журналист учун ҳуқуқий кафолат бўла олмайди. Ҳақиқий “тўртинчи ҳокимият” бўлиш, давлат бошқарув институтлари фаолияти, барча даражадаги амалдорларнинг коррупцион ҳаракатига қарши самарали курашиш учун журналистга қонунда кафолатланган ҳуқуқлар кенгайтирилиши лозим.

Иккинчидан, бирон-бир таҳририятда муаллифни ахборот таъминоти билан қўлловчи хизмат лавозими йўқ. Суриштирув олиб бораётган журналист “якка овчи”га ўхшайди. Информацион технологияларнинг ривожланиши, жамиятдаги очилиш ва ОАВ моддий имкониятини уйғунлаштириб журналистик суриштирув олиб бораётган ходимни қўллаб-қувватлаш вақти келди.

Учинчидан, бош муҳаррирдаги ички цензурага чек қўйиш лозим. Бунинг учун аввало ОАВнинг иқтисодий эркинлигига эришиш талаб қилинади.

Тўғри, журналистиканинг вазифаси ҳукм чиқариш эмас. Журналистика ижтимоий адолат қарор топиши учун хизмат қилади. Унинг меъзонларини эса жамият белгилайди.

Журналист ҳуқуқ посбонлари ваколатини ўз зиммасига олмасин. Унинг вазифаси жиноятчини тутиш эмас, балки жиноий ҳатти-ҳаракатга ошкоралик бериш, муаммони таҳлил қилиш, ечими ҳақида таклифлар киритишдир. Матбуотимизда эса суриштирув дея шахснинг дахлсизлигига тажовуз ҳоллари ҳам учрамоқда. Андижон шаҳри, Фарғона вилояти ҳокимларининг ишчи йиғилишидаги сўкинишлари, телефондаги аудиоёзуви журналистлар томонидан интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда оммалаштирилди, муҳокама қилинди, обрўсизлантирилди. Бу ҳам камлик қилгандек, омма олдида узр сўраш, лавозимини тарк этиш каби мажбурий талаблар қўйилди. Жамиятнинг маълум қатлами эса бу чақириқ ва талабларни қўлловчи постлар қолдира бошлади. Албатта, раҳбарларнинг маънавий қиёфасига жамият бефарқ қаролмайди. Лекин матбуот шахснинг шаъни билан боғлиқ яширин суратга ёзиб олинган овозни ошкор қилишга, оммалаштиришга ҳақлими? “Айбдор” деб тарифланаётган шахсга шарт қўйишга ҳаққи борми? Масаланинг ҳуқуқий томонлари қонунчиликда қандай меъёрланган? “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги қонуннинг 13-моддасига биноан: “Жисмоний шахсларнинг розилигисиз телефондаги сўзлашувларини қайта ишлаш, тарқатиш ва ундан фойдаланишга йўл қўймайди”, дейилган. Афсуски, амалдаги қонунларда йиғилишдан ёзиб олинган сўзлашув масаласида ҳеч гап йўқ. Демак, таъқиқланмаган бўлса рухсат этилгани шу, деб тушунмоқ керакми? Шундай бўлса, эртага уйингизга яширин камера ёки микрофон ўрнатиб ундаги тасвир ва овозни ҳам тарқатиш мумкин бўлиб қолмайдими?

Назаримизда танқидий-таҳлилий мақола ёки журналистик суриштирувда очиқланаётган далиллар мавжудлигининг ўзигина етарли эмасдек туюлади. Бундай очиқлик, фош қилувчи ахборотни соғлом фикр, қонун меъёрларига риоя қилган ҳолда қабул қилувчи омма, унга ҳозиржавоб муносабат билдирувчи давлат идоралари ҳам тайёр бўлиши лозимга ўхшайди.

Бир неча йил аввал лўлилар эски шиша бутилкаларни йиғаётгани назаримизни тортди ва унинг кетига тушдик. Бир қарашда мавзу журналистик суриштирув учун эмасдек, эди. Ахир мансабини суистеъмол қилаётган, коррупциялашган не-не идора ва раҳбарлар, даромадини солиқдан яшираётган қанчадан-қанча “тадбиркор”лар турганда маҳаллама-маҳалла юриб, бутилка йиғаётган лўли мавзуси арзимасдек туюларди. Аммо журналистик суриштирув мавзуси жамиятга не чоғли фойдалилиги билан муҳим. Охир оқибат бу мавзу йирик коррупцион гуруҳларнинг шу пайтгача яшириб келаётган ноқонуний фаолиятини фош этди.

Албатта битта овозни яширинча ёзиб олиб ошкор қилиш осон ва гўё “шов-шувли”. Ҳақиқий суриштирув эса изланиш, ўрганиш, таққослаш, ахборот йиғишдаги машаққатлар, раҳбарлар билан тўқнашув ва ниҳоят эълон қилиш қийинчиликлари каби йўлни босиб ўтади. Бундай йўлга ҳамма журналист ҳам ё касбий малака жиҳатдан тайёр эмас ёки машаққатдан қочади-да, осон йўлни танлайди.

Ҳар қандай журналистик суриштирув оддий бир воқелик, арзимасдек туюлган ахборотдан бошланади, аслида.

Тажрибада хўжалик корхонага топширган сутнинг пулини ололмаётгани ортидан давлат миқёсида коррупция ҳаракатлари ётгани фош қилинган. Аслида, журналист “ҳа, шунга нима бўпти, сут заводи ҳисобида маблағ узилиб қолгандир, бугун бўлмаса эртага тўлайдида”, деб бефарқ ўтиб кетиши мумкин эди. Лекин мавзуга чуқурроқ кириб борилгани сари бу ҳолат, унинг ортида мамлакат иқтисодиёти, валюта сиёсати, энг муҳими ижтимоий вазиятига ҳам жиддий зарар келтирувчи “машина”га дуч келинган. У шу қадар қудратли эдики, дастлаб журналистнинг ўзини “ёлғон ахборот тарқатишда” айблаб ишдан четлатган. Давлат раҳбари ишончидаги бир мансабдорнинг жасорати туфайлигина мавзу қайта ўрганилиб, адолат қарор топган: журналист вазифасига тикланиб, юқори мансабли айбдорлар жазоланган, муаммо қонуний ҳал этилган.

Журналистик суриштирувда мавзу танлашнинг ўзи атрофдаги воқеликдан хабардор бўлиш, матбуотни кузатиш, давлат идоралари интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқлар билан танишиб бориш, одамларни жамоат жойлари ва транспортда, тўй-маърака, тадбир ва таҳририят қабулхонасида тинглаб бориш, иккиланиш ва қайта текшириш, давомли кузатиш ва ниҳоят хулоса чиқариш каби жараёнларни ичига олади. Биз назариётчи эмасмиз. Ушбу мақолада журналистик суриштирув жанрининг назарий қоидаларини ижод қилиш ниятимиз йўқ. Мақсадимиз журналистиканинг жамият ривожи учун муҳим аҳамиятга эга бу жанри янада ривожланишига баҳоли қудрат ҳисса қўшишдир. Шу нуқтаи назардан Сизнинг ҳар қандай фикр ва мулоҳазаларингизни муносиб қадрлаб қабул қиламиз.

Бизнинг электрон манзил: jurnalistlar.uyushmasi@yandex.ru

Муҳаммаджон Обидов,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган журналист.

ЎзА
11 345