ЎзА Ўзбек

09.07.2018 20:20 Чоп этиш версияси

ЖУРНАЛИСТ ЎЙЛАРИ. Эзгу мақсад, орзу билан яшанг ёки ҳар бир оила тадбиркор бўлсин

ЖУРНАЛИСТ ЎЙЛАРИ. Эзгу мақсад, орзу билан яшанг ёки ҳар бир оила тадбиркор бўлсин
Душанбани кўпчилик оғир кун, деб ҳисоблайди. Бунинг боиси, балки дам олиш кунларидан сўнг ишга киришиш, мослашишнинг ёқмаслиги ёки икки кунлик ишларнинг йиғилиб қолишидадир. Билмадим... Аммо мен ҳар душанбада тезроқ ишхонага боришга ошиқаман.

Одатдагидек, 131-автобусга чиқдим. Ёшимни ҳисобга олибми ёки бесўнақай гавдамни кўрибми, 15 ёшлар чамасидаги йигитча “Келинг, амаки ўтириб олинг” деб жой бўшатди. Раҳмат айтиб, ўтирдим. Менга жой берган болани зимдан кузатдим. Қора костюм-шим, оқ кўйлак, галстук таққан ўсмирнинг коллежда ўқиши шундоққина афт-ангоридан кўриниб турибди. Унинг қўлидан сумкасини олдим. Сумканинг оғирлигини сезиб, “Эҳ бунча зил-замбил бўлмаса, худди 20 путлик тош солинганга ўхшайди” дея ҳазиллашдим.

Ўзини Акмалжон деб таништирган йигитча мийиғида кулди-да, “Йўқ, бу китоблар ва ноутбук. Дарсдан кейин репититорга қатнайман. Олий ўқув юртига тайёргарлик кўраяпман” деди.

Жамоат транспортида юришнинг ҳам ўзига хос гашти бор-да. Автобусда одамларни кузатаман: кимдир ишга, кимдир ўқишга, биров бозорга йўл олган. Аксарият йўловчилар қўл телефонини титкилаб, нималарнидир ўқир, кимдир ўйин ўйнар эди. Ёнимда ўтирган чамаси 50 ёшлардаги акахон ҳам қўл телефонида аллақандай коптокчаларни ўйнарди. "Ярмарка" бекатида одам шунақа кўп эдики, автобусга чиқолмай қолганлар ҳам бўлди. 

Тиқилинч автобусдаги олифтароқ йигитчанинг кийиниши эътиборимни тортди. Сочлари уч хил рангда бўялган: сариқ, оқиш ва қора. Кийимлари ҳам антиқа. Қизил кроссовка, қизғиш шим, аниқроғи, шимга ўхшаган алламбало. Шимининг тизза қисми тилинган, сал пастроғи кесилган, пастки қисми эса резинкада сиқиб тикилган. Ажабо, бу қанақа кийиниш бўлди. Автобусдаги бошқа ёшларни ҳам зимдан кузатдим. Деярли барчаси жинси кийган. Шимларнинг бичими ҳам ғалати. Тепадан пастга қараб ингичкалашиб кетган, пастки қисми қайрилган. Оёқда кроссовка ёки борцовка(туфлигаям, кроссовкагаям, кедига ҳам ўхшамайдиган пойабзал) кийган. Энг ажабланарлиси, пайпоғи йўқ, десам, чалапайпоққа ўхшаган бир балони кийган экан. Тавба, бунақанги кийинишлар, модалар қаердан келиб қолди-а?

Шу ерда ёшлигимда бўлган бир воқеа эсимга тушди. Уйимизда ҳашар эди. Бутун қишлоқ аҳли келган. Кимдир сув ташиган, кимдир лойҳандаққа сомон ташлаган. Хуллас, янги қурилган иморатнинг томини ёпиш (ломбости) учун келган ҳашарчиларнинг қўли-қўлига тегмайди. Мен ҳам ўзимча ҳашарчиларга кўмаклашиш учун томга чиқмоқчи бўлдим. Нарвондан кўтарилаётганда шимимнинг пастки қисми михга илиниб, йиртилиб кетди. Тез пастга тушдим. Ошхонага қараб югурдим. Онам раҳматли ҳашарчилар учун тандирда нон ёпаётган экан. «Онажон, шимим йиртилиб қолди, тикиб беринг», дедим. Ўчоқ бошидаги юмушлар билан қўли-қўлига тегмаётган онажоним ҳозир болам, бир пас кутиб тур, дедилар. Сабрим чидамай, қайта-қайта айтавердим. Ёрдамга чиққан қўшнимиз Нафиса янга бу ёққа кел, ўзим тикиб бераман, дедиларда шимимни йиртилган жойидан тортиб, қолганини ҳам йиртиб олди. Кейинги почамни хам худди шундай қилиб йиртиб, бор энди, чаққонгина бўлиб ишлайвер, онангни бошини оғритма, деб мени чиқариб юбордилар. Шимим калта шимга айланди. Шунда 12 ёшли бола эдим. Калта шим билан ҳашарчилар ёнига чиқмайман, деб роса ҳархаша қилиб йиғлаганман. Уяламан,кўчага чиқмайман, деб бақирганман. Энди ўйласам, ўша пайтларда одамларда шарм-ҳаё кучли бўлган экан. Ҳозирчи, 40-50 ёшли эркаклар ҳам уялмасдан калта шим кийиб, майкаларда кўчада юраверади.



Шу хаёллар оғушида тез тиббий хизмат кўрсатиш марказига етиб келганимизни ҳам сезмабман. Автобусдаги тиғизлик камайган.

Бекатдан автобусга чиқаётган одамларни кузатарканман, сочларига оқ тушган, соқоллари салгина ўсган, қора костюм-шим кийган, қўлида сумкаси бор киши эътиборимни тортди. У атрофидагиларга эътибор ҳам қилмай, автобус ойнасига қараганча ўз хаёллари оғушида эди. Кейинги бекатда автобус салони сал бўшади. Ҳалиги киши менга қарама-қарши ўриндиққа келиб ўтирди.

Не кўз билан кўрайки, бу курсдошим Анвар эди. Иккаламиз ҳам бир-биримизни кўрганимиздан суюниб, суҳбатлашиб кетдик.

–Ҳа, дўстим, нечук бу томонларда юрибсан, тинчликми? Касалхонадан чиқдингми, дейман.

–Ўғлим шу ерда ётибди, сал мазаси бўлмай қолганди, – деди хижолатомуз.

– Сиқилма оғайни, худо хоҳласа тузалиб кетади. Дардини берган шифосини ҳам беради, – дедим унга тасалли бериб.

Суҳбатимиз қизигандан қизиди. Талабалик йиллари, ўқитувчилар, қизиқарли воқеалар ҳақида гаплашдик. Кейинги бекатда иккимиз ҳам автобусдан тушиб қолдик. Анчадан буён кўришмаганмизданми, гурунгимиз тугамасди.

– Оғайни анча қарибсан, тинчликми, сочларингнинг бирорта қора толаси қолмабди-ку, хотин чатоқроқми дейман? – ҳазиллашдим.

Ўртоғим мийиғида кулиб қўйди.

– Йўқ, хотиним тилла, унақасини тополмасам керак.

Оила, фарзандлар ўқиши ҳақида гап кетганда, дўстим чуқур хўрсиниб олди.

– Тинчликми, нима гап, болаларинг яхшими? – ҳайротомуз юзландим унга.

– Эй, нимасини айтасан, – дея гап бошлади Анваржон.

– Икки қиз, бир ўғлим бор. Катта қизим ўтган йили коллежни битирди, иккинчиси шу йил битиради. Ўғлим мактабда 8-синфда ўқийди. Хотиним мактабда ўқитувчи бўлиб ишлайди. Худога шукр, бировдан кам, бировдан кўп бўлиб яшаб юрибмиз. Фарзандларим жуда яхши, одобли, айримларнинг боласига ўхшаб уни олиб беринг, буни олиб беринг, деб ҳархаша қилмайди. Нима олиб берсам кияди, нима олиб келсам ейди. Тўғрисини айтсам, дўстим, мен ота бўлиб болаларимга зарур шароит яратиб беролмаётганимдан қийналяпман. Ўтган йили коллежни тамомлаган қизим олий ўқув юртига ўқишга ҳужжат топширди. Қизим жуда зеҳнли. Ўқишга киришим керак, деб кечаю кундуз ўқиди. Мактабда олган билимидан ташқари, уйда қўшимча тайёрланди. Худога шукр, тест синовидан муваффақиятли ўтди. Тўплаган бали грантга сал камлик килди. Тўлов шартномаси асосида ўқишга қабул қилинди. Шартнома пулини ойлик иш ҳақимдан тўлайман, қизим ўқийсан, деб ўқитяпман. Мана, бир йили ўтди. Иккинчи қизим ҳам опасидан қолгиси йўқ. Инглиз тили мутахассиси бўламан, дейди. Тайёргарлиги ёмонмас, ҳаракат қиляпти. Бир икки марта онасига дугоналарим ўқув марказларига, тайёрлов курсларига қатнаётган экан, яхши ўргатар экан, деб айтаётганини эшитдим. Уларга билдирмасдан ўқув курсларини суриштирсам, энг арзони 200 - 250 минг сўм экан. Учта фандан ойига 600-750 минг сўм бўларкан. Оилавий бюджетимизни чамалаб кўрсам, умуман тўғри келмади. Бировдан қарз олиб ўқитай десам, қарзни ҳам тўлаш керак. Шу ўйлар оғушида юрсам, қизим худди ич-этимни емираётган ташвишни сезгандай, дадажон, қўшимча ўқув курсларига бормайман. Ўзим билганларим бўйича топшираман, худо хохласа ўқишга кираман. Агар киролмасам, тикувчи бўламан. Қўшнимиз Наргиза опага шогирд тушаман, деганда хўрлигим келиб кетди. Йўқ қизим, худо хоҳласа, сен ҳам опангга ўхшаб талаба бўласан, дедим. Биласанми, дўстим, ана шу пайтда мен ота бўлиб нима қилиб юрибман, болаларимни ўқиши учун шароит яратолмасам, деб бўкириб йиғлагим келди. Бўғзимга нимадир тиқилди.

Бир куни уйимизга укамнинг 8 ёшли қизчаси келди. Ота-онаси бозорга кетгани учун уни бизникига қолдириб кетибди. Дастурхон атрофида оилавий ҳаммамиз телевизор томоша килиб ўтирибмиз. Катта қизим Шаҳло укамнинг қизига ол, бирор нарса ейсанми, нонга сарёғ суриб берайми, деди. Укамни қизи Шаҳло опа, нимага сизларни уйда бўлка нон, ёпган нон йўқми, деса бўладими. Қизим бир менга, бир онасига қаради-да, энди биз, бўлка нонни яхши кўрамиз. Ёпган нонни меҳмонларга берамиз. Сен ҳам меҳмонсан, сенгаям ҳозир ёпган нон олиб келамиз, деди.

Укамнинг қизчаси айтган гап ҳаммасидан ўтиб тушди. "Нимадир қилиш керак. Бунақаси кетмайди". Сигарет олиб, кўчага чиқиб кетдим. Оилавий бюджетимиз салкам 3 миллион сўм. Ўзим 2 миллион, гоҳида сал кўпроқ оламан. Хотиним 700-800 минг олади. Энди тасаввур қил, дўстим, катта қизимга ҳар куни эрталаб 15 минг, иккинчи қизимга 10 минг, ўғлимга ҳам 10 минг, хотинимга 15 минг, ўзимга 20 минг сўм, жами 70 минг кетади. Энди бир ой, якшанбани ҳисобламаганда, 26 кун, фақат кунлик харажат учун 1 миллион 820 минг сўм сарфланар экан.

Қора қозон қайнаши керакми. Эрталабки нонушта, кечки овқат деганларидай. Биргина кунлик бўлка ноннинг учтаси 700 сўмдан 2 минг 100 сўм бўлади, бир ойда 63 минг сўм, картошка, пиёз, ёғ, тухум, шакар кабиларни ҳисобласанг, эҳҳе.... оилавий бюджет фақат йўлкира, еб- ичишга базўр етаркан. Энди ойлик коммунал тўловларчи? Солиқ,кийиниш дегандай. Хуллас, дўстим ойлик билан кун кўриб бўлмас экан. Нимадир иш қилиш керак. Тадбиркорликми, қўшимча ишми, деб роса ўйлайман. Бунга ҳам қўлингда сармоянг бўлмаса, бўлмас экан. Биласан, қишлоқда ўсганман. Қишлоқда акам, укамларга қорамол ёки қўй-эчки олиб берсам боқармикан, деб ҳам ўйладим. Унгаям мўмайгина пул керак. Ишимни ташлаб бозорга чиқиб кетсаммикан, деб ҳам ўйладим. Тўғриси "Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин" деганларидай, уни ҳам эплолмадим. Бир танишимдан озгина қарз олдим, меҳнат таътилига чиқиб Қўйлиқ бозоридан картошка-пиёз олиб келиб, Чилонзор бозорида сотдим. Ўхшамади. Тадбиркорликнинг ҳам ёзилмаган қонун-қоидалари бўларкан. Бизнес ҳам таваккалчилик экан. Гоҳида ютасан, гоҳида ютқазасан. Ана шунақа гаплар.

Дўстимнинг гапларини эшитиб, бу нафақат сени, балким барча журналистлар, ойликни ойликка улаб яшаётган давлат корхоналарида ишлаётган кўпчилик хизматчиларнинг дарди, дегим келди. Хафа бўлмасин, деб истиҳола қилдим. Унга ўзимча далда бўлиб, сен хафа бўлма, ҳаммаси худо хоҳласа, яхши бўлади, дедим. Президентимиз ижодкорлар, жумладан, журналистлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратиб, қалам ҳақларни бир неча баробарга оширди. Энди ёзаман, ишлайман, деган ижодкор хор бўлмайди. Меҳнатига яраша ҳақ оладиган замонлар келди. Бундан ташқари, аҳолини қийнаб келаётган тўй-маъракаларни ўтказиш ихчамлаштирилмоқда, ҳар бир оила тадбиркор бўлсин, деб кенг имконият ва имтиёзлар яратилди. Банклар томонидан турли кредитлар ажратилмоқда. Ана шулардан фойдаланиб, бирор бир ишни йўлга қўйсанг бўлади, дўстим.

Сен айтаётган муаммолар ҳаёт ташвишлари, Аллоҳим ғам чекишдан асрасин. Ғам – бу фарзандинг ногирон туғилиши, ота-она қолиб, фарзанд вафот этиши, бир умр фарзанд кўрмай, тирноққа зор бўлиб яшаш ёки бедаво дардга чалиниш. Ташвишлар эса бугун бўлмаса, эртага жойига тушиб кетади. Ҳаёт ана шу ташвишлар билан ҳаётда. Ҳамма нарса муҳайё бўлса ҳам зерикарли бўлади. Шунинг учун дўстим, оптимист бўл, кўнглингни чўктирма, бошингни баланд тут, деб у билан хайрлашдим.

Чилонзор метро бекатидан Мустақиллик майдони бекатига келгунча дўстимнинг гапларини ўйлаб келдим. Ҳақиқатан ҳам бюджет ташкилотларида ишлаётганларга қийин. Маошдан маошгача қарз олишга тўғри келади. Шунинг учун Президентимиз томонидан илгари сурилаётган ҳар бир оила тадбиркор бўлиши керак, деган ташаббус жуда тўғри ва ўз вақтида амалга оширилаётган ғоятда муҳим вазифа. Бунда барча фаол иштирок этиши, ҳар бир оила даромадини ошириш йўлларини излаши керак. Бунинг учун барча имконият ва қулайликлар яратилаётир. Сизу биздан ана шулардан оқилона фойдаланиш, ақл билан иш тутиш талаб этилади, холос.

...Орадан бир ҳафта ўтиб, дўстим Анваржон қўнғироқ қилди. Хурсанд, гап сўзлари ҳам, руҳи ҳам тетик, мен билан кўришган пайтдаги тушкунлик кайфиятидан асар ҳам йўқ. "Эҳ, жўражон, сен билан кўришгандан кейин роса ўйладим. Айтган гапларингни таҳлил қилиб, бир қарорга келдим. Маҳалла идорасига чиқиб, тадбиркорлик қилиш ниятим борлигини билдирдим. Маҳалла раиси таклифимни қўллаб-қувватлаши, банкдан кредит олишга кўмаклашишини айтди. Тўғриси, шу кунларда бир дунё орзу-ўйлар, режалар хаёлида яшаяпман. Мени руҳлантирганинг учун сендан миннатдорман!"

Алоуддин Ғаффоров, ЎзА
12 285