ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг 4-йиғилиши тўғрисида

ЖСТ билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиянинг 4-йиғилиши тўғрисида

Жорий йилнинг 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов раҳбарлигида Жаҳон Савдо Ташкилоти билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиясининг 4-йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди. Тадбирда Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича музокаралар олиб бориш гуруҳи аъзолари ҳам иштирок этди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳнинг бўлажак 4-йиғилиши билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинди.

Ҳозирги кундаги эпидемиологик вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга кириши бўйича Ишчи гуруҳнинг 4-йиғилишини 7 июль куни «гибрид» шаклида ўтказишга, яъни Женевадаги хорижий давлатлар дипломатик миссия вакиллари Ташкилот штаб-квартираси мажлислар залидан туриб, эксперт гуруҳлари шу жумладан, Ўзбекистон делегацияси эса видеоконференция орқали иштирок этишига келишиб олинди.

photo_2020-06-30_17-13-02.jpg

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб ўтилган ЖСТга аъзо бўлиш жараёнини қайта тиклаш мамлакат ташқи иқтисодий фаолиятини кўп томонлама савдо тизимига интеграциялашув орқали ривожлантиришнинг асосий йўналишларидан бири ҳисобланади. Шу маънода ЖСТга аъзо бўлиш жараёни жуда муҳим вазифа экани ва табиийки, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг бир қатор омилларига таъсир этувчи масалалар мажмуини тезкор ҳал этишни талаб қилиши таъкидланди.

ЖСТга аъзо бўлиш билан боғлиқ ҳужжатларни тайёрлаш бўйича музокаралар гуруҳи ва алоҳида мавзулар бўйича ишчи гуруҳлар фаолияти самарадорлигини янада оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Йиғилиш натижасида Ишчи гуруҳининг 4-йиғилишини ва умуман музокаралар жараёнини самарали ташкил этиш ва музокаралар олиб борувчи гуруҳ аъзоларининг масъулиятини оширишга қаратилган қатор қарорлар қабул қилинди.

photo_2020-06-30_17-13-06.jpg

1 158
ЎзА