ЎзА Ўзбек

12.05.2018 19:01 Чоп этиш версияси

Жозеф Вотел: Афғонистонда тинчлик ўрнатиш – умумий мақсадимиз

Жозеф Вотел: Афғонистонда тинчлик ўрнатиш – умумий мақсадимиз АҚШ Қуролли Кучлари Марказий қўмондонлиги қўмондони, генерал Жозеф Вотел ЎзА мухбири билан суҳбатда икки мамлакат ўртасидаги ўзаро манфаатли ва серқирра ҳамкорлик истиқболлари ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди.

– Ўзбекистонга учинчи бор келишим. Ҳар гал ислоҳотлар томон дадил ҳаракатни сезаман.

Президент Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун миннатдорлик билдираман. Мулоқот давомида Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик, долзарб минтақавий муаммолар, жумладан, Афғонистондаги вазият юзасидан фикр алмашдик.

Давлатингиз раҳбарининг чуқур ўйланган, халқ манфаатлари ҳисобга олинган ҳамда Ўзбекистоннинг дунёдаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлари эътирофга лойиқ. Президентнинг саъй-ҳаракатлари Афғонистон билан ишлаётган томонлар учун ҳам жуда фойдали. Биз Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ушбу мамлакатда тинчликка эришиш истиқболларини муҳокама этдик.

Ўзбекистон Афғонистонда барқарорлик ўрнатиш бўйича халқаро коалиция томонидан амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлаб келмоқда. Хусусан, мамлакатингиз ўз ҳудудидан Шимолий тақсимот тармоғи орқали Афғонистонга юк ташишда ёрдам бермоқда. Бу АҚШнинг Афғонистондаги ишлари муваффақиятли кечишига ҳисса қўшмоқда. Ушбу соҳадаги алоқалар ўзаро ҳамкорлигимизнинг муҳим йўналишидир.


Матназар Элмуродов ёзиб олди, ЎзА
10 093