Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги

08.08.2018 16:36 Чоп этиш версияси

Жорий йил 1 сентябрдан янги “хавфни бошқариш” тизими ишга тушиши

Жорий йил 1 сентябрдан янги “хавфни бошқариш” тизими ишга тушиши
“Хавфни бошқариш” – бу қандай тизим?

Без названия.jpg
Халқаро пресс-клубда божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги стратегик вазифаларга бағишланган махсус сессия ташкил этилди. 

Унда Давлат божхона қўмитаси раҳбарияти ва қўмита таркибий тузиламалари бошлиқлари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, тадбиркорлик субъектлари иштирок этди.

Давлат божхона қўмитаси раиси М.Азимов ва бошқалар Президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳани ҳар томонлама ривожлантиришда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлади.

Бугунги кунда божхона қўмитаси томонидан ташқи иқтисодий фаолиятда муаммоларни ўрганиш, бартараф этиш, тадбиркорларга қулай шароит яратиш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш ва унинг содда халқ тилида бўлишини таъминлаш, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хавфни бошқариш тизимини кенг қўллаган ҳолда соддалаштирилган ва шаффоф божхона маъмурчилигини йўлга қўйиш каби чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Пресс-клубда жорий йил 1 сентябрдан янги "хавфни бошқариш" тизими ишга тушиши ҳақида маълумот берилди. "Хавфни бошқариш" тизими ҳалол тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштирувини соддалаштирган тартибда тезкорлик билан ўтказиш, аксинча, белгиланган божхона қоидаларини бузган тадбиркорларни тўғри йўлга бошлаш мақсадида яратилган. Экспорт-импорт қилинаётган товарлар фақат дастлабки божхона режимига расмийлаштириш вақтида хавфни бошқариш тизимини қўллаш асосида танлаб текшириш принципига риоя этилиб, божхона кўригидан ўтказилади.

Божхона ходимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ўтказилган тадбирлар ва божхона кўриклари натижасида жами 5 минг 215 ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, қиймати 69,9 миллиард сўмлик товарлар олиб қўйилган. Аниқланган ҳуқубузарликларнинг 230 ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Жорий йилда товарларни сохта кузатув ҳужжатлари асосида чегарадан олиб ўтиш ва расмийлаштириш билан шуғулланган 20 ташқи иқтисодий фаолият қатнашчилари (ТИФ)нинг жиноий фаолияти фош этилиб, уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва жами 135,2 миллиард сўмга яқин қўшимча божхона тўловлари ҳисобланган. Бундан ташқари, 60 ТИФ қатнашчилари томонидан 24,5 миллиард сўмлик божхона имтиёзларидан ноқонуний фойдаланганлик ҳолати аниқланди.

2018 йил 1 сентябрдан Давлат божхона қўмитасининг веб-сайтида “Интеграциялашган тариф” интерактив хизмати жорий этилади. Унга кўра, товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи бу хизмат барча норматив ҳужжатлар ва ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборотни, шунингдек, ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш учун бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш имконини беради. Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига “Интеграциялашган тариф” интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилиши белгилаб қўйилди.

Мутахассислар томонидан катта ҳажмдаги юк ташувчи маҳаллий ва хорижий автотранспорт воситаларида мамлакатимиз ҳудудида ташувчиларга рухсатнома ҳужжатлари беришга доир жараёнларнинг соддалаштирилган тартибда амалга оширилиши ҳақида ҳам маълумот берилди.

Д.Суннатов, ЎзА