ЎзА Ўзбек

14.02.2020 Чоп этиш версияси

Жонли ижро билан мухлислар меҳрини қозониб... ​

Жонли ижро билан мухлислар меҳрини қозониб... ​

"Туркистон" санъат саройида Ўзбекистон давлат филармониясининг кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон давлат филармонияси фаолиятини ривожлантиришга оид бажарилган ишлар ва натижадорлиги ҳақида маълумот берилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси асосида ташкил этилган Ўзбекистон давлат филармонияси миллий мусиқа санъатимизни тарғиб ва ташвиқ этишда, ҳамюртларимизни бу санъат сеҳридан баҳраманд қилишда муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бугунги кунда Ўзбекистон давлат филармонияси тасарруфида 19 ижодий жамоа фаолият юритмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда ҳудудий филармония бўлинмалари ташкил этилган бўлиб, уларда 1080 нафар ижодий ходим фаолият юритмоқда.

Ўзбекистон давлат филармонияси ташкил этилган даврдан бошлаб, унинг таркибидаги ижодий жамоалар маданий-маърифий тадбирлар, концерт-томоша ва гастроль фаолияти билан шуғулланиб, мамлакат миқёсидаги маданий тадбирлар, концертлар ва анжуманларда муносиб иштирок этиб келмоқда.

Президентимиз ва Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари асосида Ўзбекистон давлат филармониясининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятини ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланган. Ушбу ҳужжатлар ижроси бўйича республика ва ҳудудий бўлинмалар кесимида ойлик мониторинг ишлари мунтазам олиб борилмоқда.

Мазкур қарор билан тасдиқланган дастурда белгиланган 27 банддан иборат вазифаларнинг ижроси бўйича тегишли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон давлат филармонияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбар ва ижодий ходимлари уларга қўйилган малака тоифаларига мослиги ва ижодий маҳорати юзасидан аттестация ўтказиш бўйича Низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, аттестация ўтказиш бўйича комиссия таркиби ва саволлар рўйхати шакллантирилди. Ҳозирда ушбу лойиҳани Маданият вазирлиги томонидан тасдиқлаш ва амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

Филармония раҳбарлари, ижодий ходимларининг малака тоифалари, лавозим йўриқномалари ишлаб чиқилди. Филармония таркибида жамоаларнинг концерт дастурлари ва ижодий томошалари режа асосида намойиш этилмоқда ҳамда бу борада мониторинг юритилмоқда. Жумладан, 2019 йилда Ўзбекистон давлат филармонияси таркибидаги жамоалар томонидан 664 тадбир ва концерт томошалари ташкил этилиб, уларда 373 мингдан зиёд томошабин иштирок этди. Айниқса, мусаффо осмон остидаги концерт дастурлари томошабинларда катта таассурот қолдирди. Шуни таъкидлаш жозки, филармония таркибидаги бадиий ансамбль, жамоаларнинг ижодий кеча ва концертлари, мусиқий дастурлари жонли ижрога асослангани, репертуарининг ранг-баранглиги билан аҳамиятлидир.

Йиғилишда Ўзбекистон давлат филармонияси фаолиятига оид режалар белгилаб олинди.

957
Н.УСМОНОВА, ЎзА