Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

02.05.2018 18:10 Чоп этиш версияси

Жонингизга жабр қилманг, тўйбоши!

Тўй мавзуси ҳеч қачон эскирмайди. Тўй билан боғлиқ янги расм-русумлар пайдо бўлгани сари унинг ортидан келадиган ташвишлар ҳам кўпаймоқда. Яхши ният билан қиз узатаман, ўғил уйлантираман, деган баъзи юртдошларимиз тўй харажатлари қаршисида чуқур қайғуга ботмоқда.

Аслида халқимизда тўй-маъракаларни қариндош-уруғ, жамоатчилик иштирокида ўтказиш анъанаси узоқ ўтмишдан давом этиб келади. Шу боис бундай маросимларни ҳар жиҳатдан бекаму кўст, миллий қадрият ва урф-одатларимиз асосида ташкил қилиш бугуннинг талабидир.

Фарғона вилоятида ҳам бу борада чора-тадбирлар белгиланиб, тўй ва маросимларни ихчамлаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Биз айрим юртдошларимизнинг бу ҳақдаги фикрлари билан қизиқдик.

Аҳмадали ҒОФУРОВ, Фарғона давлат университети профессори, иқтисод фанлари доктори:

– Халқимизнинг ҳаёти соддалик, самимийлик билан йўғрилган. Ана шу фазилат ўзимизга жуда ярашади. Шукрки, 7 фарзанд ва 23 набиранинг тўйини ўтказдим. Барча сарф-харажатларни ўзим назорат қилдим. Агар бу ишни манмансираган, увол-исрофнинг фарқига бормайдиганларга қўйиб берсанг, нималар қилмайди, дейсиз. Бу ерда гап катталарда, кўпни кўрган отахону онахонларда. Улар қаттиқ турсалар, тўй ва маросимлар жуда ихчам ўтади.

Болтиқбўйи давлатларида бир неча никоҳ тўйларида қатнашдим. 15-20, нари борса 30 чоғли меҳмон билан тўй ўтар экан. Ҳиндистонда бир ойлик саёҳат сафарида ҳинд халқининг тўйларини ҳам кўрдим. Базм уюштирилиб, ўйин-кулги бўлар экан, аммо тўй зиёфати жуда камтарона, дастурхон атрофида 20 нафар меҳмон, қолганлар базм томоша қилишади. Бу хотираларнинг ҳаммасини ён дафтаримга қайд этиб қўйганман.

Миллий, диний қадриятларимиз тарихида ҳам тўйларни серҳашам қилиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма бўлмаган. Шукр, бугун тўкинчиликда ҳаёт кечирмоқдамиз. Лекин бу тўкиб-сочиб, исроф билан тўй қилавериш мумкин, дегани эмас. Маънавият билан иқтисодиёт бир томчи сувдек бир-бирига яқин. Маънавиятли инсон ҳеч қачон иқтисодий инқироз содир бўлишига йўл қўймайди. Тўйларимиз маънавиятимизга ҳам, иқтисодиётимизга ҳам путур етказмаслиги керак.

Жамилахон ОРТИҚОВА, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Бағдод тумани кенгаши раисининг ўринбосари:

– “Ҳар ишда меъёр яхши”, дейди донолар. Зеро, меъёр тартибга бошлайди, тартибнинг ҳосиласи эса ҳеч қачон ёмон бўлмаган. Тўй – қувончли тадбир. Ундан кутилган мақсад-муддао ҳам эзгу ва хайрлидир. Шундай экан, тўйни кўз-кўз қилиш, “кимўзар”га мусобақа майдонига айлантириш ана шу эзгу ишларни батамом барбод қилиши мумкин. Бу масалага ҳар бир оила, маҳалла, кенг жамоатчилик иштирокида ечим топиш, майда-чуйда, бачкана одатларни таг-томири билан йўқотишга эришишимиз шарт.

Ҳар бир маҳаллада тўй-маросимларни камчиқим ўтказиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Натижада "Пахтаобод", "Чувринди", "Мурувват", "Юксалиш" маҳалла фуқаролар йиғинларида тўйдан олдинги ва кейинги маросимларга чек қўйилди. Яқинда Пахта қишлоғидан Н.Маҳкамов ўғлини уйлантирди. Келин томонга ҳеч қандай “солиқ” солинмади. Ихчам, файзли тўй бўлди. Жиҳозларни имкон қадар куёв томоннинг ўзи сотиб олди. Шу ўринда бир гап. Тушунтириш ишларида келин олаётган қайнона қизнинг хонадонига бориб онасига мебель, зиёфат, йўқловлар қилманг, деб гувоҳлар иштирокида айтиб келишини таъкидлаяпмиз. Чунки бир кун келиб шу масалада қайнона келинга таъна-дашном бериши ҳам мумкин, ўртада низо ҳам чиқади. Шунинг учун келин оладиган қайноналарга ҳам қатъий талаблар қўйилмоқда.

Баҳорнинг илк кунларида Мирзаобод қишлоғида истиқомат қилувчи кам таъминланган оила – Донохон Султонованинг набирасига маҳалланинг ўзи суннат тўйи қилиб берди. Ахир ҳар бир хонадонда улғаяётган бола шу маҳалланинг, шу элнинг боласи. Уларнинг тарбияси, илм-маърифати, эртанги ҳаётига эътибор билан қарасак, албатта, бу яхшилик бўлиб қайтади. Эндиги фаолиятимизда ҳам кам таъминланган оилалар фарзандларининг никоҳ тўйларини баҳамжиҳат ўтказишга ҳаракат қиламиз.

Комила КАВЛОНОВА, Тошлоқ тумани ҳокими ўринбосари, Олий Мажлис Сенати аъзоси:

– Тўй, оилавий тантана ва бошқа маросимларни ўтказишда исрофгарчилик, шуҳратпарастлик ва дабдабабозлик шунчалар авж оляптики, бундай иллатларга қатъий барҳам бериш бугунги куннинг ҳаётий заруратига айланиб бормоқда.

Ҳаётда кимнингдир қўли калтароқ, бошқасининг дасти узунроқ бўлиши табиий. Ҳар ким ҳолига яраша имконият қидиради. Аммо емай-ичмай, боласига китоб олиб беришдан қизғаниб, боғча пулини, коммунал тўловларни орқага суриб, фақат бировлар кўриб қўйсин учун дабдабали тўй қилишнинг нима кераги бор?! Тўйдан олдин томонлар ўртасида бўладиган ўзаро олди-бердилар, қиз тарафдан хорижда ишлаб чиқарилган мебель, куёв сарполар, ошхона, меҳмонхона, ётоқхона гиламидан тортиб пардасигача жиҳозлашни талаб қилиш, ҳатто мебель рангига қараб хоналарни келин томонга таъмирлатиш ҳолатлари ҳам учрайди. Хўш, бу йигитларнинг ориятига тегмайдими?! Не орзулар билан ўғил ўстирган отанинг кўнглини ғаш қилмайдими? Ачинарли томони, бундай бемаъни одатлар ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатиб, уларни муқаддас оила асосини келиннинг моддий таъминоти билан боғлаш ва шу фикр билан яшашига олиб келмоқда. Катталар ва ёшлар ўртасидаги муносабатлар бузилиши жамият маънавий муҳитига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Яна бир мулоҳаза. Бугунги кунда фарзанд туғилиши билан ўтказилаётган дабдабали тадбирлар ҳам жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бундай дабдаба билан фарзанд камолига эришиб бўлмайди-ку! Шунинг учун ҳам биз жамоатчилик билан тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўймоқдамиз.

Ҳар бир ишда, жумладан, урф-одатларга амал қилишда ҳам меъёр ва тартиб ҳал қилувчи омил бўлиши керак. Ортиқча исрофгарчилик ўрнига эҳтиёжманд оилалар, мусибат етган хонадонларга ёрдам кўрсатиш, етим-есирлар ҳолидан хабар олиш, бева-бечораларга кўмаклашиш каби савобли ишларга рағбат топиш яхшироқ. Эзгу амалларимиз билан хайрли ва савобли ишга қўл урган одам бир умр савоб олишини, халқ ичида доим ҳурмат ва эъзозда бўлишини маҳалладошларимизга, опа-сингилларимизга, ёшларимизга тушунтириб, уларнинг тафаккурини ўзгартиришимиз лозим. “Тўй қиламан”, деб азиз умрини пул йиғиш билан ўтказиш ўрнига ўз соғлиғини тиклаш, фарзандлари келажаги учун йўналтириб, уларнинг ўқимишли, ҳунарли бўлишига эътибор қаратсалар, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Дарҳақиқат, дабдабали тўй ҳеч кимга обрў келтирмайди, аксинча, ташвиш ва қайғу келтиради. Тўйлардаги ортиқча харажатларга кетадиган маблағни фарзандларимизнинг илм олиши, ҳунар ўрганиши учун сарфласак, икки дунё саодатига эришамиз. Шундай экан, тўй қиламан деб жонингизга жабр қилманг, азизлар!

Маъсуджон Сулаймонов, ЎзА
5 426