ЎзА Ўзбек

31.08.2016 11:39 Чоп этиш версияси

Жондор туманида ФҲДЁ бўлимининг янги биноси фойдаланишга топширилди

Мустақиллигимизнинг 25 йиллик байрами арафасида Жондор туманида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлими ҳамда давлат нотариал идорасининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Президентимиз раҳнамолигида оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оила мустаҳкамлигини, фуқароларнинг ҳуқуқий манфаатларини таъминлаш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимлари фаолияти ҳам бу борада муҳим аҳамият касб этаётир.

Бунёдкорлик ишларига қарийб 1 миллиард сўм маблағ сарфланган янги бинонинг никоҳ маросимлари ўтказиладиган тантаналар зали, ҳужжатларни расмийлаштириш, архив ва нотариал идора ходимлари хоналарида замонавий шароитлар яратилган.

Шу куни янги бинода Қодиржон Раҳмонов ва Ситорабону Абдуллаеваларнинг никоҳлари қайд этилди.

– Никоҳимиз энг улуғ, энг азиз байрамимиз куни олдидан қайд этилгани биз учун унутилмас воқеа бўлди, – дейди Қ.Раҳмонов. – Мустақиллик йилларида азалий қадриятларимиздан бўлган оила мустаҳкамлигига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилаётгани ёш авлоднинг ватанпарварлик ва миллий қадриятларимизга ҳурмат руҳида камол топишида муҳим аҳамият касб этмоқда. Шундай қутлуғ айём арафасида замонавий бинода биринчи бўлиб никоҳдан ўтганимиздан хурсандмиз.

Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими М.Эсонов сўзга чиқди.

Эркин Ёдгоров, ЎзА
3 820