ЎзА Ўзбек

25.03.2020 Чоп этиш версияси

“Жомеъ” меъморий мажмуасини биласизми?

“Жомеъ” меъморий мажмуасини биласизми?

Андижон шаҳрининг Эски шаҳар ҳудудида “Жомеъ” меъморий мажмуаси жойлашган. Мажмуа Андижон тарихининг кўзгуси ҳисобланади.

Жомеъ меъморий мажмуаси XIX аср охирида ўз даврининг нуфузли кишиларидан бўлган Муҳаммадалибой томонидан таниқли меъмор, уста Исахон Муҳаммад Мусо ўғли лойиҳаси билан Фарғона водийси меъморчилик мактаби миллий анъаналари асосида бунёд этилган.

photo_2020-03-25_18-02-20.jpg

Умумий майдони 2 гектардан зиёд мажмуа тўртбурчак шаклда қурилган бўлиб, тўртта бурчагида гумбаз, ғарбий томонида хонақох, минора ва 50 та хонадан иборат.

Мажмуа аввал диний таълим даргоҳи кейинчалик, бозор, уруш йилларида эса аҳоли турар жойи бўлган бўлса, сўнг ундан омборхона сифатида фойдаланилган.

photo_2020-03-25_18-02-11.jpg

Илк бора 1990-1993 йилларда тўлиқ таъмирланган мажмуа 1989-1995 йилларда диний ўқув мадраса, 1995-2016 йилларда Адабиёт ва санъат музейи сифатида фаолият кўрсатган.

Мажмуа 2018 йилда миллий ва замонавий услубда тўлиқ таъмирланиб, бутунлай янгича қиёфа касб этди. Ҳозирда мажмуанинг олди қисмида кенг майдон, фаввора барпо этилган. Бу ерда вилоят амалий санъат ва бадиий ҳунармандчилик маркази ташкил этилган бўлиб, миллий кўринишдаги сувенирлар, совғалар тайёрланадиган, сотиладиган 50 дан ортиқ дўконлар қад ростлаган. Халқимизнинг миллий урф-одат, қадриятларини ўзида ифода этган ушбу мажмуадан ўрин олган ҳар бир бино ўзига хослиги билан ажралиб туради, вилоят тарихининг маълум бир даврини акс эттиради.

photo_2020-03-25_18-02-14.jpg

Юртдошларимиз ва хориждан ташриф буюрадиган сайёҳлар учун зиёрат қиладиган масканлардан бирига айланган мажмуа маданий мерос объекти сифатида рўйхатга олинган.

823
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З.УМРЗОҚОВ(сурат), ЎзА