ЎзА Ўзбек

16.05.2019 18:10 Чоп этиш версияси

Жиззахда янги цемент заводига пойдевор қўйилди

Жиззахда янги цемент заводига пойдевор қўйилди

Жиззах вилояти Зафаробод туманида Хитой Халқ Республикасининг “Хуасин цемент” компанияси томонидан барпо этиладиган цемент заводи пойдеворини қуйишга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.

Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Хуасин цемент Жиззах” хорижий корхонаси томонидан барпо этилаётган мазкур заводнинг лойиҳа қиймати 300 миллион доллар бўлиб, йил охирида корхонанинг биринчи босқичини ишга тушириш режалаштирилган. Лойиҳанинг дастлабки босқичида йилига 1 миллион 200 минг тонна М-500 маркали цемент ишлаб чиқариш мўлжалланмоқда. Лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, 300 дан ортиқ иш ўрни яратилади.

– Бу завод ҳудудимизда Олмалиқ кон-металлургия комбинатига қарашли “Жиззах цемент заводи”дан сўнг барпо этилган иккинчи йирик корхона, – дейди Зафаробод тумани ҳокимининг ўринбосари О.Мусанов. – Жорий йил охирига қадар туманимизда қурилиш ашёлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхонаси, балиқ етиштиришни йўлга қўйиш каби яна 11та йирик лойиҳа амалга оширилади. Яқингача пахта тозалаш заводидан бошқа саноат корхонаси бўлмаган туманда йирик ишлаб чиқариш қувватлари ишга туширилаётгани чекка ҳудудлар иқтисодиётини ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган изчил ислоҳотлар самарасидир.

2.JPG

Жиззахда Хитой Халқ Республикаси ишбилармонлари билан ҳамкорлик кенгайиб бораётир. Айни пайтда вилоятда ушбу мамлакат ишбилармонлари иштирокида саноат, энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда 30 дан зиёд инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Вилоятда 2019-2020 йилларда ҳудудларни комплекс ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ва хизмат кўрсатиш тармоқларини модернизация қилиш орқали 24 триллион сўмлик янги инвестиция лойиҳалари амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар ишга туширилиши натижасида 25 минг иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.
Янги цемент заводига тамал тоши қўйишга бағишланган маросимда вилоят хокими Э.Солиев иштирок этди.

3.JPG

Т.БЕКНАЗАРОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА
2 755