ЎзА Ўзбек

09.11.2019 Чоп этиш версияси

Жиззахда VII Европа кинофестивали бўлиб ўтмоқда

Жиззахда VII Европа кинофестивали бўлиб ўтмоқда

Мамлакатимизда 11 октябрда бошланган VII Европа киноси фестивали 10 ноябргача давом этиши белгиланган.

“Ўзбеккино” миллий агентлиги, Европа иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси билан бирга Ўзбекистон Электрон оммавий ахборот воситалари Миллий ассоциацияси кўмагида ташкил этилган фестивал Жиззах вилоятида давом этмоқда.

Кинофестиваль Тошкент, Нукус ва Урганчнинг катта экранларида муваффақият билан намойиш этилди. Минглаб томошабинлар кўҳна қитъанинг кино усталари дурдоналари билан танишишга муваффақ бўлдилар. Энди бу имконият жиззахлик киномухлисларда ҳам 8-10 ноябрь кунлари пайдо бўлди.

9.jpg

Юнус Ражабий номидаги Жиззах вилояти мусиқали драма театрида хорижлик меҳмонлар, кенг жамоатчилик, кўп сонли киномухлислар иштирокида VII Европа киноси фестивали фестивалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Фестиваль кунлари катта экранида Европанинг Австрия, Бельгия, Болгария, Венгрия, Германия, Дания, Италия, Латвия, Нидерландия, Финляндия, Франция ва Швеция давлатларининг таниқли режиссёрлари томонидан яратилган 10 та фильм намойиш этилади. Фильмлар ичида халқаро кинофестиваллар ғолиблари ва нуфузли мукофотга сазовор бўлганлари бор.

Хусусан, “Белгияликлар қироли” – комедия жанрида суратга олинган драма катталар учун қизиқарли бўлса, “Қишдаги Луиза” анимацион фильми болаларни бефарқ қолдирмайди. Шунингдек, киномухлислар “Стефан Цвейг: Европа билан хайрлашув” ҳужжатли фильмини, “Имтиҳон” ва “Кичик фермер” драмалари, инсоният тарихи, экологик долзарб масалаларга бағишланган “Ҳомо сапиенс”ни, “Узоқдаги кучуклар ҳайқириғи” ҳужжатли фильмини, криминал элементларига эга “Чямбра” драмасини, “Ҳаётдаги энг бахтли кун” номли қувноқ экран асари ва “Жаннат 89” бадиий картиналари томоша қилишга муваффақ бўлишади.

10.jpg

Барча фильмлар асл тилида рус ва ўзбек тилидаги субтитрлар билан аслият тилида намойиш этилади.

Фестивал 10 ноябргача давом этади. Киносеансларга кириш бепул.

1 002
Т.БЕКНАЗАРОВ,Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА