ЎзА Ўзбек

24.07.2018 15:33 Чоп этиш версияси

Жиззахда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг маъмурий биноси фойдаланишга топширилди

Жиззахда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг маъмурий биноси фойдаланишга топширилди
Жиззах вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузуридаги “Тоза ҳудуд” давлат унитар корхонасининг маъмурий биноси, марказий техник базаси фойдаланишга топширилди

Президентимизнинг 2017 йил 21 апрелдаги “Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳамда “2017-2021 йилларда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар туфайли аҳоли пунктларининг ташқи кўринишида, тозалик ва озодаликни сақлашда ижобий ўзгаришлар рўй берди. 

Вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ҳузурида “Тоза ҳудуд” ДУК ва унинг туман-шаҳар филиаллари тузилди. Мазкур корхоналарнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланаётгани чиқиндиларни ташиб кетиш тартибини йўлга қўйиш, жамоат жойларининг тозалик, санитария ҳолатини яхшилаш имкониятини янада оширди.

12.JPG

Вилоятда “Тоза ҳудуд” ДУК, унинг шаҳар ва туман бўлимларида ободонлаштириш бошқармаларидан ўтказиб берилган 37та чиқинди ташиш машинаси, 12та самосвал, 7та юк ташувчи машина, 2та бульдозер ишлатилмоқда. Ўтган йили маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 12та ассенизатор махсус техникаси, 290та контейнер сотиб олинди. 72та чиқинди тўплаш шохобчаси қурилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда вилоят ҳокимининг қарорига асосан собиқ наркология диспансерининг бино ва иншоотлари, 2 гектарлик ер майдони “Тоза ҳудуд” ДУК тасарруфига берилгани янги корхонанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Қисқа фурсатда бу ерда вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК учун маъмурий идора, таҳлил лабораторияси, моддий-техник марказ иншоотлари барпо этилди.

Ушбу иншоотнинг фойдаланишга топширилишига бағишланган тадбирда тозалик, озодалик ва саришталикни сақлаш орқали халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга, турмуш шароитини яхшилашга қаратилаётган алоҳида эътибор юксак самаралар бераётгани таъкидланди. 

Тадбирда “Тоза ҳудуд” ДУКнинг шаҳар ва туман филиалларига 10та “ISUZU” русумидаги чиқинди ташийдиган махсус автомашина топширилди. 

2 (1).JPG

– Шаҳару қишлоқларимиз, маҳаллаларнинг тоза-озода бўлиши “Тоза ҳудуд” ДУК моддий-техник базасининг мустаҳкамлигига боғлиқ, – дейди вилоят экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Эркин Холматов. – Шунинг учун ушбу тузилма ташкил этилгандан буён бу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинаётир. Яқинда вилоят “Тоза ҳудуд” ДУК учун яна 10та “ISUZU” русумли махсус машина келтирилади. Бу йўналишда туман филиаллари моддий-техник базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Барча туманларда “Тоза ҳудуд” ДУК филиалларига автогараж қуриш учун ер ажратиш тўғрисида қарор чиқарилди.

Тадбирда “Тоза ҳудуд” ДУК юридик ва жисмоний шахслар билан маиший чиқиндиларни йиғиш ва олиб чиқиш хизмати кўрсатиш бўйича шартномалар тузишда қишлоқ ҳудудлари ҳам қамраб олинаётгани қайд этилди. Эндиликда анча олис қишлоқларга ҳам “Тоза ҳудуд” ДУК машиналари ҳафтанинг белгиланган кунларида хизмат кўрсатади.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат) ЎзА
6 836