Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

18.09.2017 18:35 Чоп этиш версияси

Жиззахда “Болалар китоби” III республика фестивали ўтказилди

Жиззахда “Болалар китоби” III республика фестивали ўтказилди Вилоят ҳокимлиги, матбуот ва ахборот бошқармаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши, маданият, халқ таълими бошқармалари ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёш авлоднинг китобга қизиқишини ошириш, уларда мутолаа маданиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши бу борада муҳим дастуриламал бўлаётир.

Фестиваль олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ахборот-кутубхона ва ахборот-ресурс марказлари, китоб савдоси ташкилотлари томонидан мамлакатимиз нашриётларида чоп этилган адабий-бадиий, илмий-маърифий, ўқув-услубий, болалар адабиёти китоблари, “Баркамол авлод” болалар марказлари ўқувчилари ижодий ишларининг ранг-баранг кўргазмалари билан бошланди.

16.jpg

Тадбир доирасида шоир-ёзувчилар, ёш ижодкорлар, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари билан учрашув-мулоқотлар бўлиб ўтди. “Ёш китобхон”, “Менинг биринчи китобим”, “Китобхон оила”, “Китоб – беминнат устоз”, “Одамийлик китобга бўлган эҳтиромдан бошланади”, “Китоб ўқишда фарзандларингизга ўрнак бўлинг!” каби мавзуларда интеллектуал викториналар, мушоиралар ташкил этилди. “Мен севган китоблар” мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказилди.

– Китобларни юксак эстетик талаблар асосида безаклар билан сифатли чоп этиш, жойларга, таълим муассасаларига вақтида ва мақбул нархларда етказиш, миллий ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини таржима қилиш соҳасидаги муҳим масалалар босқичма-босқич ҳал этилаётир, – дейди вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Одилов. – Бугунги фестиваль бу йўналишда эришилаётган ютуқлар намойиши бўлди. Энг муҳими, ёшларда китобга муҳаббатни ўстиришга эришилмоқда.

Викториналар, ижодий танлов ғолибларига, фаол иштирокчиларга китоблар совға қилинди.

Тошқул Бекназаров, Жамшид Ёрбеков (сурат), ЎзА
1 664






Все о погоде - Pogoda.uz