Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

19.08.2017 15:16 Чоп этиш версияси

Жиззахда ҳам умумхалқ хайрия ҳашари кўтаринки руҳда уюшқоқлик билан ўтмоқда

Президентимизнинг жорий йил 27 апрель куни Жиззах вилоятига ташрифи чоғида ҳудудни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, шаҳар ва туманларда кенг кўламли бунёдкорлик-ободонлаштириш ишларини амалга ошириш бўйича белгилаб берилган вазифалар асосида қурилиш ишлари бораётган ҳудудларда ҳам умумхалқ ҳашари қизғин давом этмоқда.

Атоқли давлат арбоби ва адиб Шароф Рашидов таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Жиззах шаҳрида барпо этилаётган хиёбон ҳашарчилар билан айниқса, гавжум. Шаҳарнинг турли жойларидан келган бир неча минг ҳашарчи хиёбон қурилаётган 6,4 гектар майдонни қурилиш чиқиндиларидан тозалаш, кўкаламзорлаштириш ишларида қатнашмоқда.

Шароф Рашидов туғилиб, вояга етган кўча, Ҳамид Олимжон ва Зулфия хиёбони барпо этилаётган майдонларда ҳам кўп сонли ҳашарчилар уюшқоқлик билан ишламоқда.

Қурилиш кўп жойда ҳашарчига ҳам иш кўп. Шаҳарнинг янги уй-жойлар, йўл ва кўчалар, хиёбонлар барпо этилаётган Тошкент, Мустақиллик, Алишер Навоий ва Шароф Рашидов кўчалари, Жиззах темир йўл вокзали ҳудудлари ҳашарнинг энг қизғин жойларига айланди.

Умумхалқ хайрия ҳашари барча корхона-ташкилот, муассаса, фуқаролар йиғинлари ҳудудида кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.

Жиззах шаҳрида ҳашарнинг биринчи куни 50 мингга яқин, жумладан, 31 мингдан зиёд ёшлар иштирок этди. Тозалаш-ободонлаштириш ишларида 100 га яқин техника воситалари ишлатилди.

– Хайрия ҳашарида 653 гектардан зиёд майдонда ободонлаштириш ишлари амалга оширилади, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди вилоят бўлими раиси А.Сатторов. – 413 километр ариқ-зовурлар тозаланиб, 49 зиёратгоҳ, 151 қабристон тартибга келтирилади. 488 минг туп дарахтга шакл берилиб, оқланади. Вилоят бўйича 190 нафар уруш ва меҳнат фронти фахрийси, шунингдек, кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 6 минг квадрат метрлик турар-жойлари таъмирлаб берилади. Кўмакка муҳтож оилалар, ногирон ва ёлғиз кексаларга моддий ёрдам кўрсатилади.

Тошқул Бекназаров,ЎзА
2 321






Все о погоде - Pogoda.uz