ЎзА Ўзбек

06.07.2018 19:12 Чоп этиш версияси

Жиззахда 3 минг 500 дан ортиқ фуқаро ишга жойлашди

Жиззахда 3 минг 500 дан ортиқ фуқаро ишга жойлашди
Жиззахдаги “Ёшлар шаҳарчаси”да вилоят ҳокимлиги, прокуратураси ва бандлик бош бошқармаси ҳамкорлигида “Фаол меҳнат ва ҳаракат – келажак гарови” шиори остида ташкил этилган бўш иш ўринлари ярмаркасида 11 мингдан зиёд фуқаро иштирок этди. 

Унда 1 минг 400 дан зиёд корхона-ташкилот ва бошқа иш берувчилар 6 минг 912 иш ўрни билан қатнашди. 

Ярмаркага олий таълим муассасалари ва касб-ҳунар коллежларини битирган ёшлар, Қуролли Кучлар сафидан захирага бўшатилган йигитлар ва бошқа тоифадаги ишсиз фуқаролар таклиф этилди. 

7.JPG

“Ёшлар шаҳарчаси”нинг катта ҳудудини банд этган ярмаркада вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан 362 саноат субъекти, 50 нафар ҳунарманд ўз маҳсулотлари, хизматлари кўргазмаларини намойиш этди. 

Бугунги кунда вилоятда иш билан банд бўлмаган фуқаролар 46 минг 500 нафарни ташкил этмоқда. Бу иқтисодий фаол аҳолининг 9,1 фоизи демакдир. 

2017-2018 ўқув йилида вилоятдаги 2 олий ўқув юртини 2 минг 581 нафар олий, 76 та касб-ҳунар коллежини 18 минг 913 нафар ўрта махсус маълумотли ёш мутахассис битирди. 

Вилоят аҳоли бандлигига кўмаклашиш дастури бўйича жорий йилда 21,4 мингта иш ўрни яратиш белгиланган. Президентимизнинг жорий йил 30-31 март кунлари вилоятга ташрифи давомида белгилаб берилган вазифаларга мувофиқ, қўшимча 33,5 мингта, жами қарийб 55 минг иш ўрни ташкил этилиши режалаштирилган. Жорий йилнинг ўтган даврида 19,1 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. 

Бу йўналишда амалга оширилаётган тадбирларда “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури ижросини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Мазкур дастур доирасида ёшлар учун зарур шароитлар яратиш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ёшларга ўз бизнесини юритишига кўмаклашиш мақсадида 12 тижорат банки томонидан 110 нафар ёшлар тадбиркорликка жалб этилиб, уларга жами 1 миллиард 870 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратиш учун сертификатлар берилиши белгиланди. 

Ярмарка давомида тижорат банклари томонидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётган 20 нафар ёшларга кредит ажратиш бўйича ана шундай сертификатлар топширилди. 

– Туман бандликка кўмаклашиш маркази таклифи билан ушбу ярмаркада қатнашиб, банкдан кредит олиш учун сертификатга эга бўлдим, – дейди Шароф Рашидов туманидан келган Асрор Мамажонов. – Кредит маблағи билан эшик-ром ясаш йўналишидаги фаолиятимизни ривожлантириб, янги иш ўринлари яратамиз. 

Тадбирда банд бўлмаган фуқаролар ўзлари эгаллаган касб ва мутахассисликлар бўйича корхоналар томонидан тақдим этилаётган иш жойларини эркин равишда танлаш, меҳнат шартномаси тузиш, меҳнат ва бандлик масалаларида ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олиш, ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган ёшларга тижорат банклари томонидан кредит ажратиш шартлари билан танишиш имкониятига эга бўлди. 

Ярмаркада жами 3 минг 533 нафар фуқарога ишга жойлашиш учун сертификат берилди. Жумладан, иш сўраган фуқаролардан 423 нафари соғлиқни сақлаш, 576 нафари таълим, 309 нафари саноат ва қурилиш, 171 нафари хизмат кўрсатиш, 2 минг 54 нафари бошқа соҳаларга ишга жойлашадиган бўлди. 2 минг 54 нафар вақтинчалик банд бўлмаган фуқарога ҳақ тўланадиган жамоат ишларида иштирок этиш учун сертификат топширилди. Шунингдек, меҳнат ҳуқуқи, ишга жойлашиш тартиблари тўғрисида тушунчалар берилди. 

Тадбирда Жиззах вилояти ҳокими Э.Солиев сўзга чиқди.

Т.Бекназаров, ЎзА

Жамшид Ёрбеков олган суратлар​
6 411