Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A

30.08.2018 20:04 Чоп этиш версияси

Жиззахда 25 оиланинг орзуси ушалди

Жиззахда 25 оиланинг орзуси ушалди Мустақиллик байрами арафасида Жиззах шаҳрида ногиронлиги бўлган, кам таъминланган оилалар вакилларидан 25 нафарига янги уй-жой калити топширилди. Бу хайрли иш учун бўш турган бино тўлиқ реконструкция қилиниб, замонавий турар жойга айлантирилди.

Уйнинг топширилиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, хонадон соҳиблари ва уларнинг яқинлари иштирок этди.

Мамлакатимизда эҳтиёжманд, ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар замирида халқимизга хос меҳр-оқибат, бағрикенглик, мурувват ва саховатпешалик каби олижаноб фазилатлар мужассам. Бу халқпарварлик тамойили энг улуғ, энг азиз айём –Ватанимиз мустақиллигининг 27 йиллик байрами арафасида янада яққол намоён бўлмоқда.

– Жисмоний имкониятим чеклангани боис бошқалар қатори меҳнат қилиб, маблағ жамғариш ҳақида ўйлай олмадим, – дейди янги хонадон соҳибларидан бири Рустам Болибеков. – Уй қуриш ёки сотиб олишга имкониятинг йўқлиги, оиланг билан ижарада яшаш руҳингни янада тушириб юборади. Давлатимизнинг бу ғамхўрлиги оиламизга нур олиб кирди, тушкунлик ариди. Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдормиз.

17.JPG

Тадбир доирасида ногиронлиги бўлган фуқаролар ўзлари яшайдиган яқин ҳудуддаги корхона-ташкилотларга касаначилик, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жойлаштирилди.

Тошқул Бекназаров, Ж.Ёрбeков (сурат), ЎзА
3 154