ЎзА Ўзбек

30.06.2020 Чоп этиш версияси

Жиззах вилоятида ислоҳотларнинг бориши таҳлил қилинди

Жиззах вилоятида ислоҳотларнинг бориши таҳлил қилинди

Жорий йилнинг 15-20 июнь кунлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Б.Алихонов бошчилигидаги парламент қуйи палатаси депутатларидан таркиб топган ишчи гуруҳ Жиззах вилоятида бўлиб, жойлардаги ислоҳотлар жараёнлари, ҳудудда амалга оширилиши режалаштирилаётган ишлар ҳамда пандемия даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларни ўрганди.

2020 йил 29 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг видеоконференцалоқа шаклидаги йиғилишида ишчи гуруҳнинг Жиззах вилоятидаги ўрганиш натижалари атрофлича муҳокама қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоиловнинг таъкидлашича, депутатлик корпусининг ҳудудлардаги ўрганиш якунларининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, халқимиз, тадбиркорлар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари Президентимизнинг аҳоли фаровонлиги ва турмуш даражасини юксалтириш йўлидаги сиёсатини ҳар томонлама, якдиллик билан қўллаб-қувватламоқдалар.

Ўрганишда аввало, коронавирус пандемияси даврида тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича берилаётган имтиёзлар ва енгилликларнинг қўлланилиши, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлиги таъминланиши, аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида этибор қаратилди.

Хусусан, берилган имтиёзларга асосан Жиззах вилояти бўйича 2020 йил 1 май ҳолатига 179 та хўжалик юритувчи субъектнинг ташқи савдо операциялари бўйича 64 миллион доллар миқдоридаги муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари бўйича жарима қўллаш муддати келган 130 та субъектга муддати ўтган дебиторлик қарздорликлари учун 269,9 миллиард сўмлик жарималар қўллаш тўхтатилган.

2020 йил 1 июндан 1 сентябргача бўлган даврда кичик тадбиркорлик субъектлари мол-мулк ва ер солиғидан озод этилиши ҳисобига жами 8,3 миллиард сўм маблағ тадбиркорлар ихтиёрида қолдирилган. Шунингдек, хўжалик юритувчи субъектларнинг 2020 йил 15 май ҳолатига ер солиғи ва мол-мулк солиғидан ҳосил бўлган 3,4 миллиард сўмлик пеня ва жарималар ҳисобдан чиқарилган.

Эътиборлиси, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш даврида асосий даромад манбаларини йўқотган шахслар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож катламлари ва тадбиркорлик субъектларини қўшимча қўллаб-қувватлашни таъминлаш борасида қатор ижобий ишлар амалга оширилган.

Хусусан, Жиззах вилояти бўйича 1 июнь ҳолатига жами нафақа ва моддий ёрдам олувчи оилалар 42 минг 889 та бўлиб, уларга январь-май ойларида 61 миллиард 284 миллион сўмлик нафақа ва моддий ёрдам пуллари тўланган. Шундан, апрель-июнь ойларида муддати тугайдиган нафақаларни танаффуссиз давом эттириш бўйича 14 ёшгача болалари бўлган 6 минг 738 нафар, боласи 2 ёшга тўлгунга қадар бола парваришлаш учун 3 минг 237 нафар онага ва 1 минг 975 кам таъминланган оилага жами 8 миллиард 307 миллион сўмлик қўшимча маблағлар тўлаб берилган.

Пандемия даврида тадбиркорлик субъектларига берилган имтиёзлар натижасида Зафаробод туманидаги “HUAXIN CEMENT JIZZAKH” МЧЖ томонидан Хитой билан ҳамкорликда йилига 1,5 миллион тонна юқори сифатли цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхонани бунёд этиш жадаллик билан олиб борилмоқда.

Мирзачўл туманидаги “Мирзачўл текстиль” МЧЖ имтиёзлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда корхонада жинси материалларидан шим, комбинезон ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариб, йилига 1,5 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилмоқда.

Ўрганиш жараёнида бир нечта эҳтиёжманд оилалар берилган имтиёзлардан тўғри фойдаланиши ҳисобига камбағалликдан чиқарилгани аниқланди. Ана шундай фуқаролардан бири Зафаробод туманидаги Оҳунбобоев қишлоғида яшовчи Гулноза Бурхонова 11 миллион сўмлик имтиёзли кредит ҳисобига қуёнчиликни ривожлантириш йўналишида оилавий тадбиркорликни йўлга қўйган бўлиб, қуён гўштини сотиши орқали оилавий даромадини кўпайтиришга эришган.

Ўрганишлар давомида аҳоли ҳамда тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни жойида ҳал этиш борасида секторлар томонидан айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам аниқланди. Жумладан, Дўстлик туманида ташкил этилган технопарк фаолияти тўғри йўлга қўйилмаган. Технопарк жойлашган ҳудуднинг санитар-гигиена ҳолати ачинарли тус олган.

Жиззах шаҳридаги “ADM JIZZAKH” МЧЖнинг енгил автомобиллар ишлаб чиқариш лойиҳаси жорий йилнинг октябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунда лойиҳа ташаббускорлари томонидан қурилиш ишлари бошлаб юборилган. Аммо корхонани муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш масаласи ҳал этилмаган.

Тадбиркорлар яратилаётган имкониятлардан фойдалана олмаётгани, яъни банкдан кредит ажратишда муаммолар сабабли шифер ишлаб чиқаришга ихтисослашган Зарбдор туманидаги “BO`STON STROY SHIFER” МЧЖ ҳозирда ўз фаолиятини тўхтатган.

Ғаллаорол туманидаги “Калий фосфат” МЧЖ томонидан калий сульфат маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйган бўлсада, корхонага олиб борувчи йўл инфратузилмаси талабга жавоб бермаслиги тадбиркорнинг фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Кенгаш йиғилишида ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммолар ва камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли сектор раҳбарларига таклиф ва тавсиялар берилди.

Йиғилиш якунида Кенгашнинг тегишли қарори қабул қилинди.

1 436
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА