ЎзА Ўзбек

28.08.2018 11:46 Чоп этиш версияси

Жиноятнинг биттаси ҳам кўп

Жиноятнинг биттаси ҳам кўп

Термизда Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоселектор шаклида ташкил этилган йиғилишда Республика комиссияси ҳамда 3-минтақавий Ишчи гуруҳи аъзолари, сенаторлар, депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Йиғилишда Ишчи гуруҳ томонидан Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг етти ойида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш ва жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш юзасидан амалга оширилган ишлар, йўл қўйилган камчиликларни ўрганиш натижалари муҳокама қилинди.

Ҳисобот даврида вилоятда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Натижада умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35, жиноят-қидирув соҳасидаги жиноятлар 34,5, ўта оғир жиноятлар 12,5, босқинчилик 83,3, ўғирлик 51,4, транспорт воситасини олиб қочиш 100 фоизга камайган. Бошқа қатор турдаги жиноятларнинг ҳам пасайишига эришилган.

Шу даврда вилоятдаги 717 та маҳалла фуқаролар йиғинларининг 304 тасида умуман жиноят содир бўлмаган. Шунингдек, муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар, вояга етмаганлар ва аёллар жинояти, ишламайдиган ҳамда ўқимайдиган шахслар томонидан содир этилган жиноятлар камайган бўлса-да, қасддан баданга оғир шикаст етказиш 6,1 фоизга ўсган. Музработ, Денов, Олтинсой туманлари ва Термиз шаҳрида оғир жиноятлар, Қизириқ, Олтинсой, Денов ва Термиз шаҳрида фирибгарлик, Шеробод, Сариосиё, Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Термиз шаҳрида вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар ошган.

Мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, бандлигини таъминлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, уларга муносиб турмуш шароити яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ, Қизириқ, Қумқўрғон, Термиз туманларида аёллар томонидан содир этилган жиноятлар ўсгани ташвишланарлидир.

Йиғилишда ички ишлар идоралари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва таълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилмагани, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчилари ўқишга тўлиқ жалб этилмагани, соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турувчи гиёҳвандлар, ичкиликка ружу қўйганлар ва руҳий касалларнинг мажбурий даволаниши талаб даражасида эмаслиги танқид қилинди.

Тўртта сектор раҳбарининг вилоятда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб бораётган ишлари ҳақидаги ҳисоботи тингланди. Йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсиялар берилди. Ҳудудларда жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликка қарши курашиш бўйича Республика комиссияси ҳамда халқ депутатлари Сурхондарё вилояти Кенгашининг қўшма қарори қабул қилинди.

Йиғилишда Республика комиссияси раиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Н.Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари Э.Тожиев иштирок этди.

Х. Маматрайимов, ЎзА
3 413